Маданият
Айни кунларда Фарғона вилоятида “Янги Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирлар доирасида барча маҳалла фуқаролар йиғинларида концерт дастурлари, театрлаштирилган томошалар, ижодий учрашувлар, энг сара кинофильмлар намойиши бўлиб ўтмоқда.
Хусусан, Фарғона шаҳар олимпия заҳиралари коллежида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирда таниқли санъаткорлар ҳамда ижодкорларнинг чиқишлари барчага манзур бўлди. Фуқароларимиз, айниқса ёшлар шўх ўйин-кулгулари билан байрам дастурига ўзгача кўтаринкилик бахш этди.
Олтиариқ туманидаги 3-сонли ИДУМда ҳам “Шодиёна”, “Устоза”, “Янги турмуш” МФЙ аҳоли вакиллари иштирокида файзли давра суҳбати ташкил этилди. “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов сўзга чиқиб, мамлакатимизда янги маънавий маконни ва халқимизнинг тафаккурини шакллантириш бўйича ишлар самарасини юксак даражага кўтариш ва бу борадаги фаолият тизимини такомиллаштириш борасида катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Риштон туманидаги “Абдулҳай” маҳалла гузарида пойтахтдан ташриф буюрган элимиз ардоғидаги маданият, санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар тантанали кутиб олинди. Чинакам санъат шинавандалари бўлган риштонликлар меҳмонларни юксак ҳурмат-эҳтиром ила қарши олиб, улар ижросидаги дилрабо куй-қўшиқларга хиром айладилар. Учрашувда санъат вакиллари аҳолига юртимизда Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда эришилаётган ютуқларни ҳаётий мисоллар орқали тушунарли тарзда етказиб беришга ҳаракат қилдилар.
“Маданият карвони” тадбирларининг иккинчи кунида Бешариқ туманидаги 3-ИДУМда меҳмонлар билан учрашув ташкил этилди. Ижод ва санъат аҳли учрашувга йиғилганлар билан қизғин суҳбат олиб бордилар. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг ўтли шеърлари йиғилганларнинг олқишига сазовор бўлди. Хонанда Аҳрор Усмонов, “Ниҳол” мукофоти совриндори, “Навбаҳор” дастаси хонандаси Шоҳсанам Холмирзаева, Ўзбекистон Миллий гвардияси ансамбли хонандаси Шаҳбозбек Комилов ижросида куй-қўшиқлар янгради.
Маънавият кунлари давомида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Китоб карвони” лойиҳасида беш мингдан зиёд китоблар туҳфа қилинди.
“Кинокарвон” лойиҳаси доирасида эса маҳаллаларда кино санъатимизнинг 100 та энг сара намунаси ва сўнгги йилларда ишлаб чиқарилган фильмлар намойиш этилиб, киноижодкорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ