Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 20 сентябрдан бошланади

Сақлаш
16:25 / 18.09.2021 929 0

Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Бахром Кучкаров олиб борди.

Комиссия аъзолари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги масалани кўриб чиқди. Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ,  сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди. 

Ташвиқотни сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматларидан ташқари), шунингдек, пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб бориш тақиқланади. Нотўғри ахборотни, шунингдек номзодларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган маълумотларни тарқатиш тақиқланади.

Мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги қарори билан Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2021 йил 20 сентябрдан бошланиши эълон қилинди.  Шунингдек, мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва маҳаллий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти,  шунингдек, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” ва  маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 46-моддасига асосан давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларида сиёсий партиялар, Президентликка номзодларга ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Матбуот хизмати Матбуот маркази ҳамда Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ билан биргаликда сайловолди ташвиқоти мониторингини олиб боради. Мониторинг натижалари ҳар куни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади. 

Йиғилишда Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг 28 нафар узоқ муддатли кузатувчиси рўйхатдан ўтказилди.

Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган яна 7 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 32 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари жами 962 (48 нафари хорижий)нафарни ташкил этмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//