Ёш шоир вилоят ҳокимига очиқ хат йўллади

Сақлаш
04:10 / 31.05.2022 3491 5

Ёшлар ишлари агентлиги қошидаги Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан ўтказилган «Дуэл» лойиҳасининг 2020 йил мавсуми ғолиби Жонтемир Тоштемиров Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимовга ижодкорларни қўллашни сўраб, очиқ хат йўллади.

 

- Яхши биласиз, бирор миллатни санъат аҳли – ижодкорларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан улар (адиблар, рассомлар, мусиқачилар...) сабаб маънавий дунёмиз бойиб, туйғуларимиз тарбияланиб, тасаввур, тафаккуримиз ўсади. Дейлик Қашқадарёни улуғ шоиримиз Абдулла Орифсиз тасаввур қилиб бўладими? У кишининг нафақат Қашқадарё, бутун мамлакатимизга ёйган маърифатининг баҳоси йўқ. Раҳматли Муҳаммад Раҳмон, Чори Аваз, Назар Шукур, Поён Равшановларнинг хизмати ҳам улкан ва шу қаторда катта ёзувчиларимиз Неъмат Арслон, Назар Эшонқул, Темирпўлат Тиллаев, Баҳодир Абдураззоқ, Зебо Мирзо, Мурод Човушларнинг ҳам ўз ўрни бор. Улар адабиётимиз хазинасини бир-бирига ўхшамас, янгича ва гўзал асарлари билан бойитиб келмоқдалар. Энди бу карвонга муносиб етишиб чиқаётган ёшлар ҳам борки, ҳали ҳеч замонда бир ҳудуддан бунчалик кўп истеъдод чиққан эмас! Келинг, уларни сизга таништирай.

 

Самариддин Саййидзод, Бекзод Ўктам, Азизбек Норов, Жавлон Жовлиев, Жалолиддин Сайид, Бобур Элмурод, Баҳодир Баҳром, Байрам Али, Мансур Жумаев, Мадина Норчаева (Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби), Нажмиддин Эрматов, Хуршид Абдурашид, Суҳроб Зиё, Шаҳриёр Шавкат, Хўжаёр, Нуриддин Расулов, Шоҳжахон Шодмон,... Бу ҳали мен яқиндан таниган, ижоди катта давраларда эътироф этилган, ёшлар орасида ўзига хос овози билан ажралиб турадиган истеъдодлар. Қашқадарё фарзандлари! Ниятим юқорида санаганим ёш ижодкорларнинг ўн босма табоқдан кам бўлмаган ҳажмда алоҳида-алохида китобларини каттароқ нусхада нашр этиш ва вилоятимиз бўйлаб кенг тарғиб қилишда молиявий кўмак берсангиз. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.06.2020 йилдаги ПФ-6017-сон фармонининг 15-банди ижросини ҳам таъминлаган бўлар эдингиз. Деярли ҳаммаларининг китоблари тайёр. Тошкентдаги энг яхши, савияси баланд нашриёт "Akademnashr"га топширилган. Ҳомийлик кўрсатсангиз бас, китоблар дунё юзини кўради. Ажаб эмас, ҳомийлигингиз остида бир неча Абдулла Орифлар етишиб чиқса! Бу шарафли ёрдамингиз қўшни вилоятлар раҳбарларига ҳам ўрнак бўларди.

 

Шоирнинг ёзишича, очиқ хат йўллашга сабаб истеъдодли ижодкорлар турмуш ташвишларига ўралашиб қолиб, ижод билан шуғуллана олишмаётгани, натижада етишиб келаётган яна бир адабий авлоднинг йўқотилиш хавфи.

 

«Бир истеъдод ватанни бутун бошли футбол жамоасидан кўра кўпроқ дунёга танита олишини буюк адиб Чингиз Айтматов мисолида кўришимиз мумкин. Қирғизистон деганда биринчи бўлиб Чингиз Айтматов кўз олдимизга келади. Бу бежиз эмас. Шундай буюк адибни қўллаб-қувватлаганлар ҳам буюкликда у кишидан кам бўлишмаган. Негаки улар келажакни кўра билганлар! Бизнинг ёш шоир-ёзувчиларимизнинг ижодий қуввати ҳам ҳавас қиларли даражада. Иймоним комил, уларга вақтида эътибор қаратилса, маиший муаммоларга ўралашиб қолишларининг олди олинса, ҳеч шубҳасиз жаҳонга чиқиб кетишади! Битта мисол, яқинда босмадан чиқиб, шов-шов бўлган, кўплаб давлат мукофотларини олган, халқ меҳрини қозонган "Қўрқма" романи муаллифи Жавлон Жовлиев ҳам Қашқадарёлик! Ҳозир "Қўрқма" деса, бутун Ўзбекистон билади. Ҳатто қўшни давлатлар, хусусан Афғонистон давлат мукофотини ҳам қўлга киритди бу асар. Ёш деяпману ўттизга етиб қолди кўплари. Иш, уй, оила ташвишлари елкасига тушган, ижод билан етарлича шуғуллана олишмаяпти. Ижодкор ўз имкониятидан энг юқори даражада фойдалана олиши учун истаймизми-йўқми, моддий томондан муаммоси бўлмаслиги керак. Вилоят ёзувчилар уюшмасига эмас, айнан Сизга мурожаат қилаётганим сабаби, бу масалани кечиктириб ё пайсалга солиб бўлмайди. 90 йилда адабиётга гуруллаб кириб келган ижодкорлар айнан кўмак бўлмагани сабаб йўқолиб кетишди. Ҳозирги катта оқимни ҳам йўқотиб қўйишни истамаймиз. Агар уларни саралаб, алоҳида-алохида халққа кўрсатмасак, умумий оқимга қўшилиб, кўздан панада бўшлиққа сингиб кетишади. Аниқ ишонаман, вилоят раҳбари сифатида Сиз бош суқсангиз, муаммо кўз очиб юмгунча ечимини топади. Боя айтганимдек, юқорида тилга олинган ёш ижодкорларнинг китоблари тайёр. Нашрга бериш, Сизни уялтирмайдиган ҳолда босмадан чиқаришни ўз зиммамга оламан. Фақат сиз хайрихоҳлик қилиб, моддий томонлама кўмаклашсангиз бас. Ҳеч иккиланмай айтаман, бу китоблар билан бемалол кўкрак кериб мақтанишимиз, вилоятимизнинг юзи, деб исталган катта даврада кўз-кўз қилишимиз мумкин бўлади! Қашқадарёни, ватанини, қадим, беҳад улуғ миллатини ва у яратган адабиётни жонидан ортиқ севадиган бир йигитнинг сўровини беэътибор қолдирмайсиз деган умиддаман. Ёрдамингизни аяманг. Ишончингизни оқлаймиз!», деган шоир ўз мактубида.

 

Ижодкорнинг ушбу мурожаати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан якдилликда қўллаб-қувватлана бошлади. Пост остида вилоят ҳокимлиги матбуот котиби очиқ хатни назоратга олиши ва раҳбариятга киритишини маълум қилган.

 

 

 

5 Изоҳлар

Shahruza shaydo

12:01 / 01.01.1970

Ajoyib etiboringiz darajasida etiborda boling Jontemir

Umirzoqova Farangiz

12:01 / 01.01.1970

Ajoyib shunday befarq bo'lmagan insonlar ko'paysin.Yaxshi ishni boshlabsiz.Omad

Elbek Yo'ldoshev

12:01 / 01.01.1970

Adabiyotsiz millatga aylanib boryapmiz. Telefonkalla farzandlar bizning kelajagimiz bir bo'lagi bo'lmoqda. Qachonki qalbda adabiyot, yorug'lik bo'lmas ekan, bu millat tanazzulga uchraydi.

Salimov Quvonchbek

12:01 / 01.01.1970

Jontemirga omad juda yaxshi ish boshlabdi

Собирали

12:01 / 01.01.1970

🔵Ёш ижодкорга эътибор қаратилди Яқинда иштихонлки ёш ижодкор Ҳосилбек Искандаров туман ҳокими Шуҳрат Негматовдан ўз ижодига мансуб бўлган шеърий тўпламини чоп этишда амалий ёрдам беришини сўраган эди. Ижодкорнинг илтимоси эътиборсиз қолдирилмади. Шуҳрат Негматовнинг ҳомийлиги билан Ҳосилбек Искандаров қаламига мансуб бўлган "Қалбим самоси" номли шеърий тўплами нашр этилди. Ҳосилбек Искандаров бугун туман ҳокими билан учрашиб ўзининг миннатдорчилини билдирди ва "ватан" ҳақида ажойиб бир шеърини ўқиб берди. Ёш ижодкорга эзгу тилаклар билдирилди. Иштихон туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//