«Бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди» – Акмал Саидов

Сақлаш
23:02 / 24.05.2022 735 0

Ҳозир дунёда конституцияга ўзгартириш киритмаган бирорта давлат қолмади. Бу ҳақида 24 май куни Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов «Инсон қадри» онлайн платформаси ва «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» тўплами тақдимотида сўзлаган нутқида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дарё» нашри.

 

Унинг айтишича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон парламенти учун қонун ижодкорлик дастурини яратиб берган.

 

Мен рақамларга мурожаат қиламан. Ҳисоб-китобларга кўра, 13 та тубдан янги қонун, 12 та янги кодекс, 25 та Миллий стратегия, давлат дастурларини қабул қилиш кўзда тутилган. Мана сизга қонун ижодкорлиги учун кенг кўламли дастур. Биз энди буни 5 йил давомида босқичма-босқич бажариб боришимиз керак. Мана шу парламентсиз «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» бажарилмайди. Парламентсиз 100 та мақсадни ҳуқуқий асосланмасдан бажариб бўлмайди. Бу парламентнинг роли жуда катта. Нафақат қонун ижодкорлиги, албатта, қонунларни муҳокама қилишда биз жамоатчилик муҳокамаларидан, жамоатчилик назоратидан кенг фойдаланишимиз керак.

 

Энди битта нарса, бояги китобнинг биринчи нашри билан иккинчи нашрида жиддий фарқ бор. Бу биринчи нашрда бўлмаган бўлим — конституциявий ислоҳотлар иккинчи нашрда қўшилди. Сайловчилар билан бўлган учрашувда, Бўзатовда бўлган учрашувда, Сенат аъзоси, қорақалпоғистонлик профессор олима аёлимиз айтдики, «Орол фожиасини ҳис қилиб турибмиз, нима учун конституцияда битта экологик ҳудуд деган сўз йўқ, нима учун мана шундай Орол муаммосига муносабат йўқ, балки вақти келгандир конституциямизни яна бир марта кўриб чиқсак», деган чақирув билан чиққанди. Шундан кейин 7-8 та вилоятда оддий фуқаро, оддий фермер таклиф билан чиқди. Оддий фермер чиқиб, «муҳтарам президент, хорижий ҳамкорларим фақат сиз бўлганингиз учун келяпти. Сизга ишонишади. Лекин кўп узоққа мўлжалласанг, ерингни давлат тортиб олиши мумкин, кафолатинг йўқ-ку, шунинг учун конституцияда ерни хусусий мулкка мустаҳкамласа, ҳамма ишонади, деб айтди ҳамкорим», деди. Шундан кейин президентимиз ўйлаб кўрадиган катта масала конституциявий ислоҳотлар экан, ҳеч хаёлга келмабди, деб айтди. «Миллий тикланиш» партиясини теледебатларида «қачон биз миллий қадриятларни қатъий мустаҳкамлаймиз», деб чиқишди. Бошқа партиялар ҳам ўз йўналишида конституцияга яқин бўлган ташаббуслар билан чиқди. Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олиб Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида алоҳида бўлим киритдилар, «конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаймиз», деган.

 

Хабарингиз бор, 20 май куни Қонунчилик палатасида қўшма мажлислар бўлди, конституциявий комиссия ташкил этилди. Бу ҳам ўйлайманки бутун жамиятимиз олдида турган, бизнинг халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ўрганилаётган масала бу. Карл Маркс ва Фридрих Энгельснинг «Коммунистик партия манифести»ни жуда яхши ўрганганман. Унинг биринчи жумласида айтиладики: «Европада коммунизм шарпаси кезиб юрибди», деб. Мен шуни сал бошқача қилиб айтардим, ҳозир бутун дунёда конституциявий ислоҳотлар шарпаси кезиб юрибди. Сўнгги 25 йилда 100 дан ортиқ давлатда конституциявий ислоҳотлар бўлди. Фақатгина XXI асрда 57 та давлатда конституция қабул қилинди. Ҳозир дунёда бирорта давлат қолмадики, унга ўзгартириш киритилмаган бўлса. Ҳатто АҚШда ҳам 27 та катта-катта ўзгартириш киритилган.

 

Акмал Саидов, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори, Конституциявий комиссия раиси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//