ДХХ ўзбек-қирғиз чегарасида қурол ишлатилгани бўйича баёнот берди

Сақлаш
20:18 / 06.05.2022 1092 0

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг хабар беришича, 2022 йилнинг 5 май куни ўзбек-қирғиз Давлат чегарасининг Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Оқтом қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида бир гуруҳ номаълум шахслар томонидан Ўзбекистондан Қирғизистонга ноқонуний равишда кўп миқдордаги товар-моддий бойликларини олиб ўтилаётганлиги ўзбек чегара нарядлари томонидан кузатилган ва ушбу қонунбузарликни олдини олиш бўйича чоралар кўрилган.


Чегара наряди томонидан Давлат чегараси бузғунчиларини қўлга олиш вақтида, қоидабузарларнинг бир гуруҳи ҳарбий хизматчиларга нисбатан қаршилик кўрсатиб, куч ишлатиб, тан жароҳатлари етказган ва қуролларни олиб қўйишга ҳаракат қилган.


«Ушбу ҳолатда ҳарбий хизматчилар қонунчиликда белгиланган тартибда қурол қўллашга мажбур бўлганлар. Натижада, 3 нафар шахслар яраланиб, уларнинг жиноий шериклари томонидан Қирғизистон ҳудудига олиб кетилган.


Ҳодиса тафсилотларини аниқлаш мақсадида, 5 май куни зудлик билан Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг ҳудуд бўйича чегара вакиллари ўртасида учрашув ўтказилди. Шунингдек, 6 май куни Фарғона водийси йўналиши бўйича ва Қирғизистоннинг Жалол-обод вилояти бўйича чегара вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.


Ҳозирда ҳар икки томон ҳолат бўйича текширувларни давом эттирмоқда, чегарада вазият барқарор», дейилади хабарда.


Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан 2022 йилнинг 6 май куни Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 223-моддаси («Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//