Энергетик ичимликлар ёшларда юрак хуружини келтириб чиқараётгани аниқланди

Сақлаш
14:48 / 25.04.2022 731 0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қувватни оширувчи ичимликларнинг салбий таъсирлари ҳақида доимо огоҳлантиради. Маълумки, тобора оммалашаётган бу ичимлик одамларда бир қатор касалликларни келтириб чиқармоқда.

 

Давр информацион дастури орқали намойиш этилган лавҳада мутахассис ёш, бақувват йигитнинг юрак хуружи билан мурожаат қилиб келгани ҳақида сўзлаган. "Бунинг сабаби суриштирилганида эса у бир кунда 4 дона энергетик ичимлик истеъмол қилиши аниқланди. Ўз-ўзидан маълум бўлдики, йигитнинг юрак хуружига энегетик ичимликлар сабаб бўлган", дейди мутахассис.


Ҳақиқатдан ҳам, қувват ичимлиги таркибида кофеиннинг юқори миқдорда бўлиши бора-бора юрак саломатлигига таъсир қилади. У, айниқса, юракнинг қисқаришига олиб келар экан. Жаҳон миқёсида бу ичимликдан болалар зарар кўришмоқда. Спорт билан шуғулланмай, жисмоний фаол бўлмай туриб бу ичимликдан кунига 250 мл.дан ортиқ ичиш юрак фаолиятининг ишдан чиқишига сабаб бўлади.

 

Баъзи манбаларда келтирилишича,
 

Бош оғриғи ва мигрен: Тана қувват ичимлиги орқали озиқланадиган юқори миқдордаги кофеинга ўрганиб қолгач, унга эҳтиёж сезилиши билан бош оғрий бошлайди ва тобора кучаяди. Бу гўё гиёҳванд моддага ўрганиб қолишга ўхшайди. Агар кеча ичилганидан 50 мл кам ичимлик ичилса ҳам, бош оғриғи орқали тана бундан норози бўлади.

 

Бетоқатланиш ва асабийлашиш: Ортиқча кофеин инсон миясида безовталикни келтириб чиқаради. Ҳатто энергетик ичимликка муккасидан кетиш юқори даражадаги саросимага сабаб бўлади.

 

Уйқусизлик: Танага юқори миқдорда қувват киргач, одам қандай қилиб ухлаши мумкин? Уйқусизлик эса асаб тизимига салбий таъсир қилади, модда алмашинувини издан чиқаради, тушкунликка сабаб бўлади.

 

Инсулинга боғлиқ бўлмаган (2-тур) қандли диабет: Қувват ичимлиги таркиби шакарга ҳам бой бўлади. Ичимлик ошқозоности безининг инсулин ишлаб чиқарувчи тўқималарини зарарлайди ва ўлдиради.
 

Тобелик: Айниқса, чўнтак қуриб қолганида бу ичимликка қарам бўлиб қолганларнинг ҳоли оғирлашади. Улар банги каби ўзларини билмай қоладилар.

 

Юқори қон босими: Кофеинга бой маҳсулотлар қон босимини оширади. Шундоқ ҳам, қон босими кўтарилиб турувчи одамлар бу ичимликка боғланиб қолишса, ҳаётларини хавфга қўйган бўладилар.

 

Кўнгил айниши ва бошқалар: Меъёридан ортиқ энергетик ичимлик овқат ҳазм қилишни қийинлаштириб, кўнгилни айнитади. Ичимлик тананинг сувсизланишига, тишларнинг емирилишига ҳам сабаб бўлади. Шунингдек, қувват ичимлигидан кўп истеъмол қилиш тери касалликларини ҳам келтириб чиқаради.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//