II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” якунига етди – мутолаа маданиятига ҳисса қўшганлар тақдирланди

Сақлаш
14:45 / 24.04.2022 825 0

Кеча, 23 апрель куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида II Республика “Китобхонлик ҳафталиги”нинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

 

Унда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Бахтиёр Сайфуллаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Ҳожиматов, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари, ноширлар, кутубхоначилар, соҳа меҳнат фахрийлари, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.

 

 

Тантанали йиғилишда ҳафталик якунлари сарҳисоб қилиниб, унинг аҳамияти, мамлакатимизда ахборот, ноширлик, матбаачилик соҳаларини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишдаги муҳим ўрни алоҳида эътироф этилди.

 

Шунингдек, ҳафталик олий ўқув юртларининг нашриёт-матбаа соҳасида таҳсил олаётган талаба-ёшлар бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшгани қайд этилди. Хусусан, пойтахтимизнинг “Magic City” шаҳарчасида 32 та нашриёт-матбаа ижод уйи томонидан ўтказилган “Меҳнат ярмаркаси”да соҳага мутахассислар тайёрловчи 7 та олий ўқув юртининг 340 нафар талаба ёшлари иштирок этиб, уларнинг 40 дан ортиғи билан меҳнат шартномалари тузиш ҳақида келишиб олингани маълум қилинди.

 

 

Тантанали маросим давомида “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда АОКА директори ва бошқа масъул мутасаддилар иштирок этиб, ахборот-кутубхона тизимини ривожлантириш, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш ишларига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасида самарали меҳнат қилган соҳа ходимларига кўкрак нишони ва пул мукофотларини тантанали равишда топширдилар.

 

 

Аҳолининг китоб маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган нашриётлар; соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, устоз ношир ва матбаачилар; аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини тарғиб қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатган босма ОАВлар ва ижодкорларнинг меҳнатлари ҳам Ҳафталик ташкилий қўмитаси томонидан муносиб рағбатлантирилди.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//