Тошкент вилоятида фуқаро хонадонида ҳеч қандай ҳужжатсиз шер боқаётгани аниқланди

Сақлаш
19:00 / 18.04.2022 721 0

Тошкент вилояти Тошкент туманида хонадонда ноқонуний ҳолда шер боласи сақланаётгани маълум бўлди. Бу ҳақида Давлат экология қўмитаси хабар қилди.

 

Қайд этилишича, 16 апрель куни Тошкент тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимига Тошкент туман ички ишлар бўлими ходими мурожаат қилган. У шу туманда яшовчи фуқаро ўзи яшаётган уй ҳовлисида хавфсизлик қоидаларига амал қилмай Африка шерининг боласини боқаётгани ҳақида хабар берган.

 

Мурожаатга асосан, тезкорлик билан гуруҳ шакллантирилиб, айтилган манзилда ўрганиш олиб борилган. Натижада ҳолат ўз тасдиғини топган. Ушбу уйда вақтинча яшовчи, пойтахтда доимий рўйхатда турган фуқаро Ш.А. (2004 йилда туғилган) Африка шерининг боласини боқаётгани маълум бўлган. Ўрганишлар давомида фуқародан ушбу шер боласини олиб келиш, сақлаш каби ҳолатлар бўйича керакли ҳужжатлар сўралганда, ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини айтиб, ўзининг қизиқиши туфайли ҳовлисида боқишини билдирган.

 

Ҳолат юзасидан дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, далолатномалар тузилган. Шер боласи суд қарори қабул қилингунига қадар вақтинча сақлаш учун питомникка топширилган. Ҳозирда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//