«Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» ва маънавият: жамоатчилик нигоҳида

Сақлаш
15:30 / 14.04.2022 984 0

Айни вақтда Республика Маънавият ва маърифат марказида «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» ва маънавият: жамоатчилик нигоҳида» мавзусида илмий-маърифий анжуман бўлиб ўтмоқда. Тадбир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.

 

Унда марказ қошида ташкил этилган таниқли олимлар, маънавият фидойилари, жамоатчилик вакилларидан иборат Экспертлар гуруҳи аъзолари қатнашмоқда.

 

 

Анжуман аввалида Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов сўзга чиқди.

 

– Ўзбекистон мустақил тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган янгиланишлар, кенг кўламли бунёдкорлик, халқни рози қилишга қаратилган ислоҳотлар нафақат минтақамизда, балки бутун дунёда юксак эътироф этилмоқда. Янги Ўзбекистонни барпо этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётий мақсадлари асосига айланмоқда, десак муболаға бўлмайди. 

 

Давлатимиз раҳбари «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китобида таъкидлаганидек, «Янги Ўзбекистонни барпо этиш – бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий орзу-интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир».

 

 

Илмий-маърифий анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари,Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов сўзга чиқди.

 

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китоби ва ундан маънавиятчилар учун келиб чиқадиган вазифалар, соҳада нималар амалга оширилиши лозимлигини муҳокама қилиб олишимиз керак. Шу боис бугунги анжуман долзарб аҳамият касб этади.

 

Биринчи ўринда шу нарсани таъкидлар эдимки, давлатимиз раҳбарининг «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китоби Президентимиз шу лавозимга киришгандан кейинги ёзган биринчи фундаментал асаридир. Бу китобда давлатимиз раҳбарининг ҳар томонлама ўйланган фикрлари, халқ билан мулоқотлари, дардлари мужассам.

 

Илмий-маърифий анжуман давом этмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//