Илм-фан
Мамлакатимизда илм-фан ривожига алоҳида эътибор берилмоқда. Кейинги йилларда олимларни моддий ва маънавий қўллаш ижобий томонга ўзгарди: ойлик маош миқдори ошди, фан докторларига 60 фоиз, фан номзодига эса 30 фоиз устама ҳақи тўлаш тизими йўлга қўйилди. Илмий тадқиқот институтларини реконструкция қилиш учун ҳукуматимиз томонидан катта маблағлар ажратилди ва бу ишга масъул мутасаддилар белгиланди.
Йиллар давомида фаолият юритмаган, илмий-тадқиқот ишлари тўхтаб қолган жамоалар қайта тикланди. Кўплаб янги илмий лабораториялар ташкил этилди. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизни жаҳоннинг ривожланаётган давлатлари сафига олиб чиқишнинг ягона тўғри йўли — илмий тафаккурни ривожлантириш, иқтидорли, изланувчан ёшларни қўллаб-қувватлаш зарурлиги Президентимиз олиб бораётган янги сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланди. Биз бугун истиқлолимизнинг 30 йиллиги арафасида бу сиёсат қандай натижалар берганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бундан бир неча кун аввал жаҳоннинг нуфузли олий ўқув юртларига қабул қилинган 78 та йигит-қизга “Эл-юрт умиди” жамғармасининг махсус сертификатлари топширилди.
Бир қарашда, йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар бугунги кун талаблари даражасида ҳал бўлгандай. Аммо... Илмда кичик бўлсин бирор янгилик яратиш, ихтиро қилиш илмий жамоа учун яратилган шароитга боғлиқ. Замонавий жиҳозлар билан таъминланмаган, дунё илмий марказлари билан бевосита боғланмаган эски лабораторияларда, гапнинг очиғи, жиддий ютуқларга эришиш қийин. Биолог олим Бахтиёр Абдуғафур биз билан суҳбатда шундай дейди: “Бир неча йил хорижда ишладим. Илмий гуруҳларга раҳбарлик қилдим. Биз борган жойларда олимлар энг сўнгги технология билан жиҳозланган биноларда ишлашади, муттасил равишда янгиликлар қилишади. Ташкилий ишлар билан шуғулланишмайди. Таъбир жоиз бўлса, улар биз учун тамоман бошқа дунёда яшашади, ишлашади. Аммо уларнинг ақли етган нарсага ўзбек олимининг ҳам ақли етади. Улар қилган ишни ўзбек олимлари ҳам қила олади. Бунинг учун шароит бўлса бас. Нураб ётган таъмирталаб биноларда тафаккур қанот ёзмайди. Ишонинг, Ўзбекистон илмда келажак ўн-ўн беш йилда жаҳоннинг етакчи илмий марказларидан бирига айланади. Фан ақл ёки ғоя эмас, тажриба! Тажриба эса инфраструктура дегани”.
Адабиёт дунё тафаккурини баланд даражада тутиб турувчи мукаммал фан, ижод, устун. Миллий тараққиёт йўлини тутган миллат ҳамиша шу устунга таянади. Чунки у ўз тили, туйғу ва тафаккури билан тирик. Адабиётшунос, тилчи олимларимиз тадқиқот олиб борадиган бинолар ҳақида гап кетганда, юқорида номи келтирилган биолог олимимизнинг фикрлари ёдга тушади: бу шароитни хорижлик меҳмонларга кўрсатишдан кўра оғир иш йўқ. Миллат жаҳолатга юз тутмаслиги учун тил ва адабиётшунослик, аниқ фанлар ривожи ҳамиша диққат марказида бўлиши керак. Кечқурун фарзандлари оғушига шошаётган одам эрталаб ишхонасига ҳам шундай шошиши учун кўп нарса талаб қилинмайди – шароит ва муҳит бўлса бас.
— Грантлар, истиқболли лойиҳалар, танловлар, моддий қўллаб-қувватлаш олимларга илҳомбахш этади, уларни ҳаракатга келтиради, — дейди Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи таянч докторанти Жавлон Жовлиев. – Биз ҳам ёш тадқиқотчилар ўртасида турли танловларни йўлга қўйишимиз, яхши натижаларга эришаётган ёшларни қўллаб-қувватлашимиз керак. Улар яхши жиҳозланган биноларда ишласалар, китобларини нашр этишда сунъий тўсиқ, сансалорликка учрамасалар, қимматли вақтларини беҳуда юмушларга сарфламасалар натижа кутилганидан ҳам аъло бўлади. Тил ва адабиётни ўрганиш шунчаки илмий фаолият эмас, юрт келажагини, миллат тафаккурини асраб қолиш деганидир. Олимлар жамиятнинг элитаси даражасига кўтарилмас экан, илмий тафаккур ривожига тааллуқли халқаро эътирофлар орзулигича қолиб кетади.
Шундай деймиз, аммо шу мушоҳадаларни баён қилишингиз билан гап маблағга бориб тақалади-ю тўхтайди. Ҳозирда илмий-тадқиқот институтларида фундаментал ва амалий лойиҳалар ва бошқа тадқиқотлар доирасида олинган илмий натижаларни “WoS”, “Scopus” ва бошқа унга тенглаштирилган халқаро илмий нашрлардаги журналларда нашр қилиш талаб қилинади. Бундай журналларда чоп этиладиган илмий мақолалар савияси дунё даражасида бўлиши учун тадқиқот ишлари замонавий билимга эга мутахассислар томонидан юксак технологияга эга лабораторияларда бажарилиши лозим. Бу борада маълум ишлар амалга оширилмоқда, аммо уларни етарли деб бўлмайди. Вақтнинг эса бизни кутиб туришга вақти йўқ.
Халқаро конференцияларга қатнашиш масаласида ҳам жиддий муаммолар бор. Бундай анжуманларга шунчаки учун борилмайди. Жўнатилган мақола қабул қилиниб, тадқиқот ишингиз натижалари ташкилотчиларни қизиқтирса, сизни маъруза қилишга таклиф қилишади (таклифнома жўнатишади). Керакли ҳужжатларни тайёрлаб, сафарга рухсат олишингиз керак. Лекин кўп ҳолларда маблағ муаммоси йўлингизга кўндаланг бўлади. Тўғри, давлат фондларидан танлов асосида бориш мумкин, аммо бу имкониятнинг ҳам чекланган жойлари бор.
Биз бугун янги Ўзбекистонда яшамоқдамиз. Одамларнинг онг-шуури, дунёқараши, ёшларнинг илм-маърифатга интилиши кучайган. Она юртимиз ўзининг азалий мавқеи — дунё тамаддуни ривожини белгилаб берган даражасига қайтиши керак. Бу йўлдаги ютуқларимиз оз эмас. Аммо шу бори билан қаноатланиб қолсак, суръатни яна бой берган бўламиз.
Юлдуз ЎРМОНОВА,
журналист.
“Ҳуррият” газетаси, 8 сентябр, 36-сон.
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ