
Жамият
Хитойдаги одатий кунлардан бирида бир воқеа содир бўлди. Ҳайдовчи йўлдан ўтаётган бир йўловчини кўриб шунчаки ўтиб кетолмади. Машинани тўхтатиб, у инсон билан суҳбатлашди. Гап шундаки, йўловчи юрмайдиган оёқларига арқон билан аравачани боғлаган, аравачага эса бир қанча манго ортилган эди. Инстаблогер томонидан рус тилига таржима қилиб жойланган ушбу видео инсонийлик, меҳнаткашлик, ирода ва чидамлилик аҳамиятини қисқа дақиқаларда акс эттириб, юз минглаб лайк ва изоҳларга сабаб бўлди.
Машинадан тушган эркак йўловчига юзланади:
— Кечирасиз, ёрдам керакми?
— Керак эмас.
— Унда мумкин бўлса, мен ёрдам сўрайман.
— Нима бўлди?
— Мен лапша егандим, лекин кармонимни уйда қолдирган эканман. Менга озгина пул бериб туролмайсизми? Қасам ичаман, алдамаяпман. Меҳмонхонага қайтишим билан пулларингизни айтган жойингизга қайтариб олиб бориб бераман.
— Яхши, имконим борича ёрдам бераман. Сиз қаердансиз?
— Мен бошқа провинцияданман. Саёҳат қиляпман.
Йўловчи халтасидан бор пулини чиқариб:
— Яна олинг! Меҳмонхонага пулсиз қандай етиб оласиз, қандай такси чақирасиз?
— Бу етиши керак.
— Қанақа одамсиз, а? Менда аравача тўла манго бор. Сотадиган нарсам бор. Мендан хавотир олманг!
— Ҳа, лекин... Сиз менга ҳамма пулингизни бериб юбордингиз. Ҳали Сизни қаердан топишим мумкинлиги ҳам номаълум...
— Хавотир олманг! Менга ҳам одамлар ёрдам беради. Мени умуман қидирмасангиз ҳам бўлади.
— Сиз нега бунчалик меҳрибонсиз?
— Айтяпманку, Худо мендан оёқларимни олиб қўйиб, жуда кўп меҳрибон инсонларни юборди.
Ҳайдовчи суҳбатдошидан олган пулларини қайтараркан:
— Биласизми... Мана бу пулларингизни олинг!
— Улар Сизга керак-ку.
— Йўқ, мен ҳазиллашдим.
— Ҳазиллашдингиз?
— Ҳа, мен Сизни йўлда, шаррос қуяётган ёмғир остида кетаётганингизни кўриб, олдингизга келишга қарор қилдим.
— Йўқ, ҳаммаси яхши! Мен тонгда, ҳали ёмғир бошланмасиданоқ йўлга чиққан эдим. Мен шунчаки манго сотиш учун бозорга боришим керак.
— Жуда кўп манголарингиз бор экан!
— Ҳовлида уларни ўзим етиштираман!
— Ўзингизми?
— Ҳа, мана, татиб кўринг!
У бир тилим манго кесиб бераётганида ерга тушиб кетади.
— О, кечирасиз.
— Йўқ, ҳечқиси йўқ, ҳаммаси жойида!
— Чиндан ҳам мазали! Жуда ширин манго экан! Килоси қанча туради?
— 3,5 юань. Бу бозор нархи.
— Бутун аравачадаги манголарни 1 кунда сотасизми?
— Йўқ, афсуски, рақобат кучли. Барча маҳсулотимни камдан кам 1 кунда сота оламан.
— Аравачада қанча кило манго борлигини ўлчаб бероласизми?
— Сиз буни менга раҳмингиз келганидан қиляпсиз, шундайми? Менга бундай муносабатда бўлмаслигингизни сўрайман.
— Биласизми, менга манго чинданам ёқди! Ростдан! Яна кўчада кучли ёмғир. Ҳаммасини тезроқ сотишингизга ёрдамлашишга имкон беринг!
— Сиз ҳақиқатан ҳам аравачадаги барча мангони сотиб оласизми?
— Ҳа! Шуердалигингизда манголарни тортиб, ўлчаб туринг, мен машинадан пулимни олиб келаман. Майлими?
— Яхши!
Ҳайдовчи пул билан бирга соябон ҳам олиб келади.
— Соябонни олинг!
— Йўқ-йўқ, керак эмас, ўрганиб кетганман.
— Қўйсангизчи, олинг! Яхшиси бу ерда қанчалигини айтинг! Қанча пул беришим керак?
— Ҳаммаси бўлиб 209 юань бўлади, жаноб. Лекин Сиз 200 юань берсангиз бўлади.
— Шу ҳаммасига атиги 200 юанми?
— Худди шундай!
— Лекин улар қиммат туради-ку!
— Кўчада ёмғир, Сиз мени йўл четида тўхтатдингиз. Ва мен сизга мангони расталардан эмас, тротуарда сотяпман. Мана шунинг учун шундай чегирма.
Ҳайдовчи сотувчига айтилганидан ортиқ пул бериб, қайтим керакмаслигини айтади:
— Олинг!
— Бу ерда жуда кўп!
— Илтимос, ўзингизда олиб қолинг!
— Лекин бу пуллар менга тегишли эмас... Олинг, илтимос қилиб сўрайман!
— Ҳаво унчалик яхши эмас. Сиз ёмғирда ивиб кетгансиз. Келинг, шу билан масалани ёпамиз! Фақат буларни менинг машинамга обориб берсангиз, миннатдор бўлардим.
— Ҳа, албатта! Соябонни оласизми? Мен шундоқ ҳам бутунлай ивиб бўлдим.
— Катта раҳмат, оғайни!
Икки суҳбатдош машинага манголарни жойлайди:
— Тушлик вақти бўлди. Менда савол бор: бугун тушлик қилдингизми? Унда мен Сизни таклиф қилсам майлими? Келинг, овқатланамиз. Балки ёмғир ҳам тўхтаб қолар.
— Менга жуда ноқулай. Мен номақбул аҳволдаман.
— Ҳаммаси жойида! Сиз мен билан!
Улар бир дастурхонда овқатланаркан, ҳайдовчи ногирон шеригидан сўрайди:
— Менда бир савол бор. Мумкинми?! Нега сиз бундай оғир меҳнат қиласиз? Оила аъзоларингиз нима иш қилади?
— Ота-онам қари. Пенсияга яшаб бўлмайди. Ҳаммамизни таъминлаш учун мен ҳам меҳнат қиламан. Ногирон бўлсам ҳам қорнимизни тўйдиришга лаёқатлиман. Қўлимдан келган барчасини қиламан. Мен оиламга юк бўлишни истамайман. Аксинча...
— Айтингчи, қандайдир ният, орзуйингиз борми?
— Бор. Мен етарлича азоб чекдим. Ва... агар реинкарнация (киши вафотидан кейин руҳини бошқа танага кўчириш) бўлса... мен қайта туғилишни истамаган бўлардим.
Улар сотувчининг ҳовлисига боради.
— Буларнинг ҳаммасини ўзингиз ўстирганмисиз?
— Ҳа!
— Бир қанча ҳосилларингиз шунчалик баланд-ки... Уларни қандай узасиз?
— Ҳаммаси оддий! Мана бу мосламадан фойдаланаман.
Йигит бир пақирни кўрсатиб, устига чиқади:
— Эҳтиёт бўлинг!
— Ҳаммаси жойида! Биринчи марта эмас. Мана, татиб кўринг.
— Қандай мазали... Шунча кўп дарахтлар... Аниқ бир ўзингиз буларнинг уддасидан чиқасизми?
— Харидорлар ўзи келиб, териб кетади. Яхши чегирма билан улгуржига бераман.
— Шунақанги серсув ҳосиллар... Сизга ижтимоий тармоқларда саҳифа юритиб, жонли эфирга чиқишни маслаҳат бераман! Шунчаки мевани кесиб, уларга кўрсатинг! Шундай қилиб бир неча баробар кўпроқ пул топишингиз мумкин! Ишонинг, сизни [яхши, мириқиб] томоша қилишади.
— Мен бундай қилишга жуда уятчан ва камсуқумлик қиламан.
— Мен аккаунт юритишингизга, биринчи видеони тасвирга олишингизга ҳам ёрдам бераман ва кўрамиз бу қандай кетишини!
Савдогар суҳбатдошига таъзим қилиб:
— Ундай бўлса мен яхшилаб ўқийман ва сизга миннатдорчилик билдираман! Хотиржам бўлинг!
— Арзимайди, оғайни! Бас қилсангиз-чи!
Тармоқ фойдаланувчиларидан бири изоҳларда манго сотувчисини бугунги замон қаҳрамони сифатида эътироф этиб, кўпчилик оёқ-қўли бут бўлатуриб "Онасининг елкасига ўтириб олиши"ни айтса, бошқа фойдаланувчи баъзилар соғлом бўлатуриб ҳам ишсизликдан азият чекаётганини таъкидлаган.
Видео муаллиф Yen Chee Keong томонидан 29 сентябрь куни Facebook тармоғига жойланган бўлса-да, унинг оммалашуви рус тилига таржима қилингач, ўтаётган ҳафта - октябрь ойининг ўрталарига тўғри келади.
#инсонийлик
Жамият
Иқтисод
Жамият
Сиёсат
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ