Ўзбекистонга келувчи чет эллик шифокорларга қатор имтиёзлар берилди

Сақлаш
16:35 / 12.04.2022 994 0

“Тиббиётда хусусий сектор фаолиятига қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинди.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизматининг хабарига кўра, 2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан янги форматдаги “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқотида берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, замонавий тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, нодавлат тиббиёт ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш амалга оширилмоқда.

 

Фармонда белгиланишича, эндиликда юқори малакали ва малакали мутахассислар тоифасига кирмайдиган бошқа чет эл фуқароси бўлган шифокорлар учун юртимиз ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берганлик учун йиғим миқдори 6 бараварга камайтирилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида ундирилади.

 

Шунингдек, мамлакатимизга қисқа муддатга (бир ойгача), шу жумладан, диагностика ҳамда даволаш амалиётларини бажариш, тажриба алмашиш дастурлари, маҳорат дарслари ўтказиш ва маърузалар ўқиш, ходимлар малакасини ошириш мақсадида келаётган чет эл мутахассисларига Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома олиш талаб этилмайди.

 

Шу билан бирга, Ўзбекистонда доимий яшаш жойига эга бўлмаган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан даволаш муассасалари томонидан ундириладиган туристик (меҳмонхона) йиғим ҳамда даволаш муассасалари (бундан санаторий ва пансионатлар мустасно) учун туристик хизматларни сертификатлаштиришга бўлган талаб ҳам бекор қилинади.

 

Бунда, даволаш муассасалари томонидан ташриф буюрувчиларни ҳисобга олиш автоматлаштирилган махсус дастур орқали электрон шаклда амалга оширилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//