Болалар омбудсмани фарзандларига озор бераётган аёл акс этган видеолавҳа юзасидан фикр билдирди

Сақлаш
22:51 / 11.04.2022 779 0

Ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 29 март куни номаълум аёл фарзандларига озор бераётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Қорақалпоғистонда аёл турмуш ўртоғи билан ўзаро келишмовчилик сабабли, икки қизини аёвсиз дўппослаб, уларга азоб бериб келган аёлга жиноят иши қўзғатилди.

 

«Эълон қилинган видеони кўришим биланоқ, бу видеони Республикамизда ташкил этилган Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбасининг телеграм каналига юбордим. Чунки ушбу орган у болаларни ҳимоя қилиш, ота-оналарини жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг келажакдаги тақдири билан боғлиқ барча масалалар билан бевосита шуғулланади», деди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова.

 

Таъкидланишича, ҳозирда онага нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълумот берилди. Лекин шу билан бирга, ҳеч нарса ота-оналар томонидан болаларга нисбатан зўравонликни оқлай олмайди.

 

«Биз жамият сифатида бу ҳақиқатни қабул қилмаслигимиз керак. Биз ота-оналарнинг фарзанд тарбияси учун масъулиятини кучайтиришимиз, болаларни шафқатсиз муомала ва зўравонликдан асраш учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак.

 

Зўравонлик нафақат болаларнинг омон қолиши ва соғлиғига, балки уларнинг ҳиссий фаровонлиги ва келажак истиқболларига ҳам таҳдид солади. Aгар бола эрта ёшда, тана ва мия ривожланишининг муҳим босқичида зўравонликни бошдан кечирган ёки гувоҳи бўлган бўлса, салбий оқибатлар қайтарилмас бўлиши мумкин. Зўравонлик болаларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига таъсир қилади, уларнинг таълим олиш ва ижтимоийлашув қобилиятини пасайтиради, психологик жиҳатдан соғлом вояга етишишлари ва яхши ота-оналар бўлиб шаклланишларига тўсқинлик қилади», дейди А.Юнусова.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//