Жаҳон
Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ўзбекистон элчиси Баҳодир Абдуллаев Эрон форс тили ва адабиёти академияси раисининг ўринбосари Муҳаммад Ризо Носсирий билан учрашди. Учрашув давомида Эрон вакиллари Теҳрондаги «Голестан саройи» музейида сақланаётган Заҳириддин Муҳаммад Бобур қаламига мансуб «Рисолаи аруз» (“Аруз рисоласи”) асарининг қадимий қўлёзма китоби нусхаларини топширди.
Ўзбекистон элчихонаси маълумотга кўра, ушбу қўлёзмани кўчирган ҳаттотнинг номи аниқ эмас. У Ҳиндистонда Бобур ҳукмронлиги даврида қўчирилган ва қўлдан-қўлга ўтиб, Насруддин Шоҳ Қожар (1848-1896) даврида Эрон ҳудудига олиб келинган.
Шундан сўнг асар «Голестан саройи» музейига топширилган ва сўнгги 150 йил давомида ноёб қўлёзма ушбу музейда сақланиб келинмоқда.
“Аруз рисоласи”да туркий арузнинг табиати, тараққиёти ва шеърий асарлардаги кўринишлари, арузнинг 272 вазни ва 21 баҳрига илмий шарҳлар берилган. Китоб 1524-1525 йилларда ёзилган. Асарда X-XVI асрларда яшаб ўтган 60 дан ортиқ машҳур шоир ва олимлар, шунингдек, уларнинг асарлари ҳақидаги маълумотлар ўрин олган. «Аруз рисоласи»да аруз вазни ҳақида бошқа рисолаларга нисбатан кўпроқ бадиий элементлар мавжудлиги туркий аруз тадқиқотлари Темурийлар даврида ўзининг тадрижий камолотига эришганидан далолат беради.
Аруз вазни дастлаб араб шеъриятида пайдо бўлган. Форс ва туркий шеъриятда кенг тарқалган узун ва қисқа бўғинларнинг алмашувига асосланган шаклдир. Аруз илмий-назарий таълимот сифатида Темурийлар сулоласи даврида ўз чўққисига эришган. Арузнинг назарий асослари Алишер Навоий асарида ҳам чуқур таҳлил этилган.
Бобурнинг «Аруз рисоласи» асари Алишер Навоийнинг «Мезон ул-авзон» асаридан кейин туркий тилда аруз вазнига бағишланган иккинчи қимматли асар ҳисобланади.
«Рисолаи аруз» асарининг қўлёзма нусхасидан олинган фотонусхалар илмий тадқиқ этиш ва янада чуқур ўрганиш учун Ўзбекистонга юборилади.
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жаҳон
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ