Қишлоқ хўжалиги вазирлиги март ойидаги давомий ёғингарчиликнинг ҳосилга таъсирини баҳолади

Сақлаш
22:24 / 07.04.2022 709 0

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутахассислари март ойидаги ноқулай об-ҳаво шароитининг қишлоқ хўжалигига таъсирига оид дастлабки ўрганиш натижаларини эълон қилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

 

Таъкидланишича, совуқ ҳаво ва ёғингарчиликлар айрим ҳудудларда мевали боғларнинг куртак новдаларига қисман салбий таъсир кўрсатган. Мамлакатдаги узумзорлар, эртаки экилган картошка ва сабзавот экинларига эса совуқ таъсир этмаганлиги аниқланган.

 

Вилоятлар кесимида олинган маълумотлар таҳлили қуйидагича:

 

Фарғона водийсида ўрикнинг эртапишар навлари Андижон вилоятида 19 фоиз, Наманганда 10 фоиз ва Фарғонада 18 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Наманганда 2,4 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари Андижонда 17 фоиз, Наманганда 19 фоиз ва Фарғонада 23 фоиз;

 

 

Жанубий ҳудудларда, хусусан Қашқадарё вилоятида гилоснинг эртапишар навлари 9 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари 9 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари 15 фоиз, бодомнинг эртапишар навлари 18 фоиз;

 

Марказий ҳудудларда ўрикнинг эртапишар навлари Бухоро вилоятида 6,7 фоиз, Жиззахда 17 фоиз, Навоийда 19 фоиз, Самарқандда 10 фоиз, Сирдарёда 17 фоиз ва Тошкентда 10 фоиз, гилоснинг эртапишар навлари Навоийда 6,5 фоиз ва Тошкентда 2,4 фоиз, шафтолининг эртапишар навлари Навоийда 8 фоиз ва Самарқандда 5 фоиз, олхўрининг эртапишар навлари Сирдарёда 3 фоиз ҳосилли майдонга нисбатан зарарланганлиги аниқланди.

 

Шимолий ҳудудлар Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Републикасида ушбу мевали дарахтлар зарарланмаган. Илмий манбаларга кўра, дарахтларнинг совуққа чидамлилик даражаси мева тури ва навининг биологик хусусиятига боғлиқ. Шу сабабли, мевали боғларнинг турлари ва навларига қараб, апрель-май ойида дарахтларнинг ҳосил тугиш (ғўралаш) фазасида кутилаётган ялпи ҳосилдорлик бўйича апробация ўтказилади ва ҳосил етиштириш ҳажмлари белгилаб олинади”, дейилади хабарда.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//