Маданият
Кеча, 6 апрель куни Ёшлар ишлари агентлигининг “Китоб олами” мажмуасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шуҳрат Орифнинг “Шом товуши” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда устоз ёзувчи-шоирлар, ёш ижодкорлар, адабиёт ихлосмандлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Элимиз севган санъаткорларнинг куй-қўшиқлари даврага файз бағишлади. Сўзга чиққанлар шоир ижоди ҳақида самимий фикрларини билдиришди.
“Шом товуши” жорий йилда Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Адабиёт” нашриётида чоп этилган. У шоирнинг иккинчи китоби бўлиб, бундан аввал “Мен асли одаммас, ёр эдим” номли асари нашр қилинган эди.
Тақдимотда иштирок этган ижодкорлар ўз таассуротларини ижтимоий тармоқларда улашмоқдалар.
Фахриддин Ҳайит, шоир:
–Раҳматли устозимиз, Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон ижодкорнинг энг юксак фазилати унинг бағрикенглиги бўлади, дер эдилар. Шуҳрат Орифда ана шундай фазилат бор: устозларни қадрлайди, ёшларни атрофида жипслаштиради. Аммо унинг ижодида бағрикенглиги янада қулоч ёяди, ўзгача рангларда жилоланади.
Барногул Санақулова, олима:
–Тақдимотда ҳамма фақат мақтов айтса-да, негадир бу мақтовлар қулоқларга ёқди, ҳамма шеър ўқиса-да негадир бу шеърлардан қалблар ором олди, ҳамма бир-бирини яқиндан танимаса-да ҳеч ким бегонасирамади, ҳақиқий халқнинг ичидан чиққан шоирнинг кечаси шунақа гўзал ва файзли бўлади, назаримда... Дардли, аламли қаламингиздан нолали сатрлар тўкилайверсин, биз бу нолаларни ўқиб, айтолмаган, ёзолмаган, дилимизда сақлаб келаётган дардларимиздан соқит бўлайлик.
Зилола Хўжаниёзова, шоира:
–Бугунги тезкор интернет даврида, ҳатто дўстни ҳам виртуал танлайдиган, танийдиган замонда, бундай давраларнинг уюштирилиши инсонни инсонга, ижодкорни ижодкорга яқинлаштиради, қалбларни адабиётга, шеъриятга бўлган муҳаббатини оширади, кўнгил кўнгилнинг меҳр булоғидан сув ичишига хизмат қилади. Шуҳрат Орифнинг “Шом товуши”дан қалб сасини, самимият нафасини ҳис этдик.
Шоирнинг ушбу тўпламидаги қатралар ҳам худди шеърдай ўқилади, ўзингизда шеърнинг таъсирини ҳис қиласиз. Шеърга, оҳангга сиғмаган туйғуларнинг қатралар шаклидаги сеҳри сизни бефарқ қолдирмайди.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ