Авлоний институти қайта ташкил этилади. Тошкент давлат педагогика университети эса ХТВ таркибига ўтади

Сақлаш
22:19 / 05.04.2022 815 0

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш давом этмоқда.

 

Президент келгуси устувор вазифаларни белгилаб берди.

 

Энг аввало, мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланади.

 

Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун:

 

- 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилади;

 

- ушбу марказларга математика, физика, кимё, биология, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади;

 

- хорижий мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобил гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида «тренерлар гуруҳлари» шакллантирилади;

 

- мазкур тренерлар эса жойларда мактаб ўқитувчиларининг бевосита малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади.

 

Умуман, юқоридаги янги тизимларни жорий қилиш учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади.

 

Президент бу борада Қорақалпоғистон ва Самарқанд тажрибасини кўрсатиб ўтди.

 

Мисол учун, Қорақалпоғистондаги мобил гуруҳлар бир ой давомида жойида муаллимларни ўқитгани натижасида уларнинг билим ва кўникмалари 15 фоизга яхшиланган.

 

Самарқандда 420 нафар илғор педагоглар танлаб олиниб, мобил гуруҳлар вилоятнинг 9 минг нафар ўқитувчилар малакасини оширишни бошлаган.

 

Авлоний институти Республика миллий таълим маркази сифатида қайта ташкил этилади ва Тошкент давлат педагогика университети билан ягона тизимга айлантирилади.

 

Умуман, янги методикаларга ўқитиш тизими Миллий таълим маркази ва Тошкент давлат педагогика университетидан бошланади.

 

Университет Халқ таълими вазирлиги таркибига ўтади, мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича республикадаги таянч муассасага айлантирилади.

 

Ҳудудларда фаолият юритаётган педагогика олийгоҳлари босқичма-босқич университетлар таркибидан алоҳида ажратиб чиқарилади ва мустақил таълим даргоҳига айлантирилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//