Афсуски, мактаб таълими эски қолипдан чиқа олмаяпти – Президент

Сақлаш
22:04 / 05.04.2022 817 0

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш давом этмоқда.

 

Йиғилишда республика бўйича 1 минг 526 та мактаб болалар тарбияси, давомат, маънавий муҳит бўйича «қизил» тоифага киритилганлиги таъкидланди.

 

Айниқса, Тошкент шаҳридаги 69 та мактаб, Сурхондарёда 169 та ва Қорақалпоғистонда 128 та, Сирдарёда 54 та, Фарғонада 162 та, Тошкент вилоятидаги 147 та мактабларда муҳит қониқарсиз деб топилган.

 

«Бу туман ва шаҳар ҳокимлари мактаб масалалари ичига умуман кирмаганлигидан далолат. Январда ўтган селектордан кейин ҳам улар ўзига хулоса қилмаган.

 

Ушбу вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларини охирги марта огоҳлантираман. Агар уч ойда ўзгариш бўлмаса, жиддий чора кўрилади.

 

Бугунги кунда мактабнинг энг катта муаммоси – ўқитиш методикасининг мутлақо эскирганлиги. Афсуски, мактаб таълими эски қолипдан чиқа олмаяпти», деди давлатимиз раҳбари.

 

Ҳамма вилоятларда Президент мактаблари очилди, уларда замонавий илғор методикалар асосида таълим берилмоқда. Хусусий мактабларда ҳам бундай илғор методикалар жорий қилиняпти.

 

«Савол туғилади, қайси ҳоким ўз мактабларида ушбу илғор методикаларни жорий қилиш бўйича ишлаяпти? Афсуски, ҳозирча бундай ташаббуслар йўқ!» деди Президент.

 

Шунингдек, республика бўйича айни пайтда 120 та мактаб юқори коэффициентда ишламоқда.

 

Бундан ташқари, кўплаб мактаб филиалларининг аҳволи мутлақо бугунги кун талабига жавоб бермайди.

 

Мактабларни компьютер билан таъминлаш бўйича маблағлар ажратилган бўлсада, Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ишлар суст кетаётгани танқид қилинди.

 

Олис ва чекка ҳудудлардаги ҳамда «оғир» шароитдаги мактабларда таълим сифатини ошириш билан боғлиқ ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//