Маданият
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳудуддаги қаровсиз қолган мадраса ва маданий мерос объектлари сабаб мутасаддиларга огоҳлантириш берди, дея хабар берди вилоят матбуот хизмати.
Таъкидланишича, ҳоким мутасаддилар ҳамроҳлигида сайёҳларнинг доимий диққат марказида бўлиб келган Нодир Девонбеги мадрасасининг ҳолатини ўрганган.
У ерда мадрасадаги баъзи ҳужралар омборхона вазифасини ўтаётгани, улар таъмирталаб, ўта абгор аҳволда экани маълум бўлди. Қолаверса, вилоятдаги моддий маданий ва археология мероси объектларининг аксарияти таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги кўп бор танқид қилинган.
Чунки ҳатто баъзи ёдгорликларнинг қаровсизлик оқибатида ҳам нураб бораётганлиги кишини ташвишлантиради, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, Лаби ҳовуз ансамблининг шарқий қисмида жойлашган Нодир Девонбеги мадрасаси дастлаб карвонсарой сифатида қурилган. Кейинчалик мадрасага айлантирилган. Мадраса катта масжид, дарсхона вазифасини ўтаган залдан, тўртта дарсхона ва 28 та ҳужралардан иборат бўлган.
Қатор йиллар мазкур масканда таълим берилган. Совет ҳокимияти йилларида ислом динига қарши кураш авж олгач, мадрасада таълим бериш тўхтатилган. Ҳозирда у ҳунармандчилик марказига айлантирилган. Аниқроғи, мадраса ҳужраларининг аксарияти маҳаллий ҳунармандларга бўлиб берилган.
«Туристлар билан доим гавжум бўладиган ушбу жойдаги бундай хунук манзара, бу ерда ташландиқ ҳолда ётган ҳужраларни кўрган сайёҳнинг кўнглидан қандай ўйлар кечади? Улуғ аждодларимизнинг машаққатли меҳнати эвазига бунёд бўлган ёдгорликларга хўжасизларча бундай муносабатга қандай баҳо беради? Ўз юртига қандай таассуротлар билан кетади?! Ҳеч бўлмаса бино ичи ва атрофини тозалаб, сақлаб турса бўлади-ку», - деди Ботир Зарипов масъулларга юзланиб.
Кузатув давомида Кўкалдош мадрасасидаги ҳолат ҳам жиддий эътирозларга сабаб бўлган.
«Миллий меъморчилигимиз услубида қурилган ушбу улуғвор мадрасанинг бундай аҳволга келиб қолгани, мутасаддиларнинг бунга эътиборсизлигини Ботир Зарипов кескин қоралади», - дейилади хабарда.
Бухоро шаҳар ҳокими Жамол Носиров, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Шаҳриёров ва маданий мерос бошқармаси бошлиғи Шерзод Маҳмудовни бир ҳафта муддатда шаҳардаги ҳар битта масжид ва мадрасани, маданий мерос обьектларини ўрганиш ва уларни ободонлаштириш бўйича қатьий огоҳлантирган.
Шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Шахриёровга жорий йилнинг 10 апрелига қадар вилоятдаги тарихий аҳамиятга молик барча обьектларни ободонлаштириш топшириғини бериб, ишга пухта ёндашишини тайинлаган.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ