ХТВ 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларидан ўз вақтида паспорт (ID карта) олишни сўради

Сақлаш
19:36 / 17.03.2022 795 0

Халқ таълими вазирлиги 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларидан ўз вақтида паспорт (ID карта) олишни сўради.

 

Қайд этилишича, олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатлари Давлат тест марказининг abitur.dtm.uz сайти орқали онлайн қабул қилинади. 

 

Онлайн ҳужжат топшириш учун битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами -ЖШШИР) киритиш талаб этилади. Шу боис, 16 ёшга тўлган битирувчилар ўз вақтида паспорт (ID карта) олишлари зарур.

 

Бу жараёнда битирувчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида attestat.uzedu.uz электрон базаси ДТМ abitur.dtm.uz сайти билан интеграция қилинган.

 

Маълумот учун, жорий ўқув йилида мактабларни 390 мингдан ортиқ ўқувчилар битиради. Бугунги кунда битирувчиларнинг электрон маълумотлар базаси attestat.uzedu.uz сайтида 16 ёшга тўлган 122 мингдан ортиқ битирувчилар (31%) паспорт олмаган.

 

«Ҳурматли ота-оналар, азиз битирувчи ёшлар!

 

Фарзандингизнинг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларининг ўз вақтида паспорт (ID карта) олишини таъминлашингизни сўраймиз.

 

Мактаб маъмуриятидан эса битирувчиларнинг паспорт маълумотларини attestat.uzedu.uz сайтига киритиб, уларни келгусида олий таълим муассасаларига ҳужжатларини топширишда кўмаклашишга чақирамиз», дейилади хабарда.

 

Эслатиб ўтамиз, 16 ёшга тўлган битирувчилар паспорт олишлари учун Ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат этишлари мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//