Табассуми дилбар, юзлари нурли эди

Сақлаш
18:45 / 17.03.2022 958 0

Ўзбек миллий саҳна санъати кошонасининг бетакрор, гўзал устунларидан бири... тўғриси, қалбларимизга дилбар табассуми билан нур улашиб тургувчи бу суюк инсоннинг фоний дунёдан кўз юмгани тўғрисида айтиш ҳам қийинга ўхшайди-ю, бироқ тақдири азалнинг ёзуви ҳақ – Ўзбекистон халқ артисти Тўтихон Юсупова 86 ёшда вафот этди.

 

Саҳна ва кино санъатимиз тарихи саҳифалари юлдузлари Олим Хўжаев, Раззоқ Ҳамраев, Лутфихоним Саримсоқова, Сорахоним Эшонтўраева, Зайнаб Садриева, Наби Раҳимов, Зикир Муҳаммаджонов каби устозлардан таълим-тарбия олган Тўтихон Юсупова ҳаёти ва фаолияти давомида уларнинг анъаналари, бошлаган эзгу йўллари давомчиси бўлди: халқу Ватан тинчлиги, ободлиги, элнинг маънавий-маърифий юксалиши йўлида пок қалби, маҳорати, санъати билан хизмат қилди. Гарчи саҳнада Ҳафиза («Шоҳи сўзана»), Соня («Ваня тоға»), Мастура («Паранжи сирлари»), Ҳожар («Тобутдан товуш»), Нури («Қутлуғ қон»), Хонзода («Бой ила хизматчи»), Шафақ («Ой тутилган тунда»), Раҳима («Комиссия»), Сотти («Келинлар қўзғолони»), Нодира («Нодира») каби турфа табиатли, бир-биридан кескин фарқ қиладиган қаҳрамонлар образини оби-тобига етказиб, ўз маҳорат мактабига эга бўлган эса-да, ҳаётда доим юз-кўзлари камтарлик, мулойимлик, ширинсўзлик, меҳрибонлик, камсуқумлик фазилатларидан нурланиб, барчага бирдек ибрат бўлиб, ҳурмат-иззатга муносиб бўлиб яшади.

 

Айниқса, Тўти опанинг «Оталар сўзи-ақлнинг кўзи» адабий-маърифий кўрсатувида яратган қаҳрамонлари қанча юракларга яхшилик, эзгулик, меҳр-шафқат йўлларини кўрсатди. Тўти опа саҳнага олиб чиққан ўзбек оналари сиймолари чинакам маънода меҳр тимсолига айланган эди. Улар иштирок этган маънавий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар ҳамиша юксак маънавий мезонлар, одамийлик, яхшилик, меҳр-муҳаббат дарсига айланиб кетарди.

 

Тўтихон Юсуповага хизматларининг эътирофи – давлатимиз томонидан берилган Ўзбекистон халқ артисти унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени нечоғли ярашимли бўлса, санъатсевар халқимизнинг бу фариштасифат онахонга муҳаббату эъзози, хотираси ҳам узукка кўз қўйган каби хос ва гўзал бўлиб қолаверади.

 

Парвардигори олам раҳматларига ғарқ этиб, охиратларини обод этишини тилаймиз.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази жамоаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//