Сирдарёда 100 дан ортиқ хонадонга сув кириши натижасида аҳоли бошқа жойга кўчирилди

Сақлаш
19:10 / 16.03.2022 770 0

Сурункали ёғингарчиликлар туфайли Сирдарё вилоятидаги Бахт шаҳарчасида сув сатҳининг меъёридан ошиб кетиши натижасида қишлоқ хўжалигининг шудгор ерларига, маҳаллалар ва аҳоли яшаш хонадонларига сув кириб кетган. Бу ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

 

Маълум қилинишича, Бахт шаҳри «Хазина» МФЙдаги 102 та хонадонга сув кирган.

 

 

Вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида Бахт шаҳри ИИБда тезкор штаб ташкил этилиб, туман ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ, МГ ходимлари ва маҳалла вакилларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ томонидан сув тошган хонадонлар аҳолисини хавфсиз ҳудудларга кўчириш ҳақида огоҳлантириш хатлари берилиб, «Хазина» МФЙдан 20 та хонадонда яшовчи 68 нафар фуқаро вақтинчалик яқин қариндошлари хонадонларига кўчирилган. Кўчирилган аҳоли учун тиббий ва бошқа таъминот тадбирлари ташкил этилган.

 

Таъкидланишича, сув тошиш оқибатларини бартараф этиш учун вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Автойўл хизмати, Сув хўжалиги вазирлиги вилоят тузилмалари куч ва воситалари жалб қилинган. 

 

“Шунингдек, воқеа жойига ФВ вазири бошчилигида Махсус вазифалар бўйича республика қутқарув марказидан қутқарувчилар етиб борган. Бундан ташқари,  Жиззах ва Тошкент вилоятлари ФВБларидан  қўшимча куч ва воситалар сафарбар этилиб, ҳозирда сувни чиқариш ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//