Ёғингарчилик туфайли қулаб тушган қалъа девори бўйича расмий муносабат билдирилди

Сақлаш
15:21 / 14.03.2022 910 0

Бухоро шаҳридаги «Талипоч қалъа дарвозаси» чап томонидаги қалъа деворининг бир қисми қулаб тушган. Ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.

 

Қайд этилишича, Бухоро вилоят ҳокимияти, Бухоро минтақавий реставрация маркази, Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси масъул ходимлари ва махсус экспертларидан иборат жамоатчилик илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ҳодиса жойида ўрганиш ишларини олиб борган. Таъкидланишича, «Талипоч қалъа дарвозаси»да 2003 йилда реставрация ишлари амалга оширилган бўлсада, унда шошма-шошарликка йўл қўйилгани, таъмирлаш ишлари малакали усталар томонидан олиб борилмагани ўз таъсирини кўрсатган.

 

Ўтган йиллар давомида қалъа атрофидаги деворнинг чап қаноти ортидаги маданий қатламларнинг чўкиши, қоплама деворларида ёриқлар пайдо бўлиши ҳамда жорий йилнинг март ойида кузатилган доимий ёғингарчилик деворнинг чўкиши ва қулаб тушишига олиб келгани аниқланган.

 

Шунингдек, «Талипоч қалъа дарвозаси» 2022 йил давомида асрашга доир ишлар амалга ошириладиган моддий-маданий мерос кўчмас мулк объектларининг манзилли рўйхатига киритилган. «Ҳозирда соҳа мутасаддилари томонидан объектнинг атрофини ўраб олиш, ҳудудда яшовчи фуқаролар ва сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилган. Экспертлар томонидан объектни тезкорлик билан қайта тиклаш чораларини кўриш бўйича муҳокамалар олиб борилмоқда», дейилади хабарда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//