Ўзбекистонлик хонанда Европанинг турли давлатларида яккахон концерт берди

Сақлаш
14:26 / 14.03.2022 1050 0

«Шашмақом», «Катта ашула», Фарғона-Тошкент мақом йўлларидаги ашулалар, ҳамда мумтоз ва халқ мусиқа мероси намуналарининг маҳоратли ижрочиси Гулзода Худойназарова созандалар Бекзод Сафаров, Фарруҳ Воҳидовлар ҳамроҳлигида 19 февралдан 11 мартга қадар Европанинг Германия, Полша, Бельгия, Франция ҳамда Швейцария давлатларидаги нуфузли концерт ва санъат саройларида яккахон концертлар беришди.

 

Бу галги ижодий сафар дастури асосини ЮНEСКО номоддий маданий мероси рўйхатидан жой олган «Шашмақом», ҳамда «Катта ашула» мусиқа меросидан туркум асарлар ташкил этган бўлиб, «Шашмақом» туркумининг «Наво» мақомига кирувчи «Сарахбори наво», «Дугоҳ» мақомидан «Сарахбори Оромижон», «Оромижон», ҳамда «Савти Чоргоҳ» асарлари туркум шаклида, катта ашула меросидан «Эй чеҳраси тобоним», «Ёлғиз» ва «Доғман» ашулалари ижро этилди. Бекзод Сафаровнинг дутор созидаги «Роҳат» халқ куйи ижроси мухлисларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлди.

 

Айниқса, дунёнинг энг нуфузли саҳна саройларидан бўлмиш Пьер Булез номидаги санъат саройи, Брюсселдаги Мольер театри, Швейцариянинг Санкт Галлен театридаги ҳамда Германиянинг Гамбург филармониясидаги концертлар давомли олқишлар билан якунланди. 

 

Ижодий жамоанинг Франциянинг Тоурс университети «Мусиқашунослик» факультети ва Швейцариянинг Санкт Галлен театридаги концертларида соҳа мутахассиси, дунё мусиқаси борасида халқаро эксперт Ҳусниддин Ато томонидан Ўзбекистон мусиқа маданияти, Шашмақом мусиқа мероси, мусиқа чолғулари ҳақида ҳам маълумотлар берилиб, тингловчиларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб берилди.

 

Гулзода Худойназарованинг ушбу концерт дастурлари «OXUS Culture” ташкилотининг Ўзбекистон миллий мусиқа меросини халқаро саҳналарда кенг тарғиб этишга йўналтирилган навбатдаги лойиҳаси ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//