Абдулазиз Комилов Вашингтонда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан музокара ўтказди

Сақлаш
17:18 / 10.03.2022 790 0

2021 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Стратегик шериклик мулоқотининг илк учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувларга мувофиқ, 6-9 март кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация АҚШга ташриф буюрди. Бу ҳақида ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

 

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Вашингтонга ташрифи доирасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралар ўтказган. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда стратегик шериклик муносабатларининг 20 йиллиги муносабати билан ўзаро табриклар алмашилган. Абдулазиз Комилов ва Энтони Блинкен Ўзбекистон—АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари, жумладан, қўшни Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳам муҳокама қилган. C5+1 шакли доирасида минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган.

 

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Америкада бўлиши давомида АҚШ администрацияси вакиллари, Конгресс аъзолари, Америка ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари билан ҳам учрашув ҳамда музокаралар ўтказган.

 

Америка—Ўзбекистон Савдо палатаси аъзолари билан учрашувда Ўзбекистон томони Америка ишбилармон доиралари вакилларига 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясининг асосий қоидалари, республикада иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништирган. Тадбир давомида АҚШ компанияларининг республикадаги ислоҳотлар жараёнларида иштирокини кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

 

«Бундан ташқари, 24-26 март кунлари бўлиб ўтадиган биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми (TXИФ) ишида Америка компанияларининг кенг иштироки бўйича келишувга эришилди», дейилади хабарда.

 

Халқаро таълим бўйича Америка кенгаши, Жорж Вашингтон университети, Техас А&М университети, Калифорниядаги Беркли университети раҳбарияти ва экспертлари билан мулоқотлар уюштирилган. Учрашувларда маҳаллий мутахассислар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида икки давлат ўртасида университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, академик ва илмий алмашинувларни ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//