Жамият
Ўзбекистонда 2050 йилга бориб табиий газ, кўмир ва нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланишдан воз кечилади. Бу ҳақида 2 март куни бўлиб ўтган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаeв маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини қарийб 30 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, бугунги кунда Ўзбекистон дунёнинг энг илғор мамлакатлари томонидан қабул қилинган углеводород нейтраллиги дастурига ҳам қўшилган.
2050 йилга келиб, республика иқтисодиётнинг барча соҳаларида, шу жумладан, энергетикада углеводород нейтраллигига эришиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
«Бу — табиий газ, кўмир, нефть маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланишдан тўлиқ воз кечиш дегани. Бир қарашда бу узоқ муддатдай кўринади, лекин бугунги кундаги энергетика соҳасида бўлаётган ўтиш жараёни ўзининг кўлами ва аҳамияти жиҳатидан бир вақтлар қазилма бойликлар, нефть ва газ қоплагандай ўзгаришлар билан солиштириш мумкин. Инсоният ҳаёти кескин ўзгарди. Айниқса саноат ва транспорт логистика соҳасига жуда катта таъсир кўрсатди», — деди вазир ўринбосари.
Унинг таъкидлашича, худди шу каби энергетик ўтиш жараёнининг ҳам кундалик ҳаётга ўз таъсири бор. Ўзбекистонда электр энергияга бўлган талабни ғарб мамлакатлари билан солиштирилганда, у кескин фарқ қилади. Чунки республика иқтисодиёти ҳали электр энергияси билан тўйинган эмас. Талаб суратлари йиллик энг камида 11−12 фоизга ўсиши кутилмоқда.
«Бу 2030 йилга бориб эришиладиган натижалардир. Бу дегани биз ҳозирги кундаги анъанавий энергетика манбаларидан тўлиқ воз кечиб, қуёш ва шамол энергетикасига ўтишимиз жуда қийин. Биринчи навбатда, ўсиб бораётган талабни тўйинтириш зарур», — деди Шерзод Хўжаeв.
Бу давр ичида камида 5 минг МВтли шамол электр станциялари ва 7 минг МВтли қуёш электр станцияларини ишга тушириш лозим.
Шунингдек, 2026 йилга бориб Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станциялари ҳажми 4000 МВтга ва шамол электр станциялари ҳажми 4000 МВтга етказилади ҳамда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 25 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ташкил қилади. Бунинг натижасида йилига қарийб 3 миллиард метр куб табиий газ тежалишига эришилади. Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан 1 миллион хонадонни 1 йил давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.
Таъкидланишича, аҳоли хонадонига қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатиш борасида ҳам дастлабки қадамлар бошланган. Масалан, қурилмаларни хонадонларга ўрнатиш давлат томонидан қўллаб-қувватланади.
«Фуқаролар ўз хонадонларига ўрнатган қуёш панеллар орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда эҳтиёжларидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотишлари ҳам мумкин», — деди вазир ўринбосари.
Ҳукуматнинг 2021 йил 14 апрелдаги [217-сонли] қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда жисмоний ва юридик шахсларга қуёш фотоэлектр станциялар, қуёш сув иситгичларини сотиб олиш ва ўрнатиш харажатларининг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Шунингдек, қуёш панеллари ва қуёш сув иситгичларини ўрнатган жисмоний шахслар 3 йил, тадбиркорлик субъектлари эса 10 йил давомида ер ва мулк солиғидан озод бўлади.
Жамият
Илм-фан
Жамият
Спорт
Жамият
Иқтисод
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ