Ёш ижодкорларнинг шеър ва ҳикоялари турк ҳамда инглиз тилида китоб ҳолида нашр қилинди  

Сақлаш
15:53 / 02.03.2022 1117 0

Куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Таржима кенгаши фаолиятининг 2021 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши ўтказилди.

  

Кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан Баҳром Акбаров, Николай Ильин,  Муртазо Сайдумаров, Маъруф Тошпўлатов, Гулноза Мамарасулова, Шермурод Субҳон фаолиятга доир ҳисоботни тақдим этди. Йиғилишни кенгаш раиси Зуҳриддин Исомиддинов олиб борди.

  

– “Маҳбуб ул-қулуб” асари Дмитрий Радкевич томонидан белорус тилига таржима қилиниб, Минск шаҳрида чоп этилди. Мазкур асар Рамиз Асқар томонидан озар тилига ҳам ўгирилиб, 2021 йил март ойида Боку шаҳрида ҳамда Ўрозбой Абдураҳмонов томонидан қорақалпоқ тилига таржима қилиниб, май ойида нашр этилди, – дея таъкидлади уюшма раиси ўринбосари Нодир Жонузоқ. – Алишер Навоийнинг Жонибек Қувноқ таржимасидаги “Лайли ва Мажнун” достонининг қайта нашри ҳам қувончли воқеа бўлди.

  

 

Ҳисобот даврида “Адабиёт” нашриётида тошкентлик ёзувчи Галина Долгаянинг “Песни бегущей воды” романи Рисолат Ҳайдарова таржимасида “Югурик сувлар қўшиғи” номи билан босилиб чиқди. Шунингдек, ўттиздан ортиқ ёш шоирларимизнинг шеърлари турк тилига таржима қилиниб, “Кўнгил кўприги” номида чоп қилинди. “Олов сўзлар” номли тўпламдан эса ўн икки ёш шоир, олти ёш ёзувчининг инглиз тилига ўгирилган шеър ва ҳикоялари ўрин олди. Иккала тўплам ҳам Тошкентда нашрдан чиққани айтиб ўтилди.

 

– “Рус адабиёти дурдоналари” 100 жилдлигини нашр этиш ишлари якунлангани қувончли воқеалардан бири бўлди, – дейди кенгаш аъзоси Рисолат Ҳайдарова. – Шу лойиҳа доирасида кўплаб насрий роман ва қиссалар ўзбек тилига таржима қилинди, ўттиздан ортиқ рус шоирлари шеърларининг янги таржималари яратилди. “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари” 16 жилдлик асарлар мажмуасининг 5 та жилди тайёрлаб, нашриётга топширилди. Қолган жилдлари устидаги ишлар қизғин давом этяпти.

  

Ҳозир “Туркий адабиёт хазинасидан” 100 жилдлик асарлар мажмуаси устидаги ишлар давом этяпти. Бу мажмуа катта адабий даврни ўз ичига олган кўламдор лойиҳа бўлди. Мажмуа 350 дан зиёд ёзувчи ва шоир ижодини қамраб олади.

  

 

Ёзувчи Қўчқор Норқобилнинг китоби Сербияда, Россияда чоп этилди. Россиянинг “Камертон”, Украинанинг “Автограф” электрон журналларида Рисолат Ҳайдарова, Холиёр Сафаров, Умид Али, Фурқат Алимардон, Жасур Кенгбоев, Нодирабегим Иброҳимоваларнинг ҳикоялари босилди.

 

Йиғилиш якунида кенгашнинг йил якунлари бўйича тегишли қарори қабул қилинди ва жорий йилдаги режалари белгилаб олинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//