Ўзбекистонда одамни юзидан таниб олувчи камерали сунъий интеллект тизими ишга туширилади

Сақлаш
21:44 / 01.03.2022 757 0

28 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича комиссиясининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева одамларни таниб олувчи технологиянинг жорий этилиши ҳақида фикр билдирди.

 

Сенат раиси Танзила Норбоева ички ишлар органлари ходимларига юзни таниб олиш ва бармоқ изини аниқлаш дастурига эга планшетлар берилаётганини қўллаб-қувватлади. «Ушбу тизим жиноятчи, қочоқ, бедарак йўқолган шахсларни топишда қўл келиши бутун дунёда исботини топган», деган у.

 

Йиғилишда мазкур лойиҳани ИИВ Киберхавфсизлик маркази бош мутахассиси Муҳсинжон Султонов тақдимот қилди. Унинг айтишича, тизим сунъий интеллект асосида ишлайди. У дастлаб фото-видео маълумотларни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилади ва шахс юзини ажратиб олади. Ажратиб олинган юз тасвирини биометрик маълумотлар базасидаги шахсларнинг тасвирлари билан таққослайди. Таҳлил натижаларини маълумотлар базасига қайд этади.

 

Тизим маълумотлар базаси қуйидагилардан ташкил топади:

видеокузатув камералари тасвирлари;

ижтимоий тармоқлардаги фото-видеолавҳалар;

бодикамералардаги видеотасвирлар;

мобил телефонлардаги фото-видеотасвирлар.

 

Биометрик маълумотларга асосланган юзни аниқлаш ва назорат қилиш комплекс тизими ўз ичига 7та дастурни қамраб олади:

шахс юзини таниб олиш.

карантин қоидаларини назорат қилиш;

оммавий тартибсизликлар ташкилотчилари;

ҳуқуқбузарликларни аниқлаш дастури;

сохта юз тасвирини аниқлаш;

профайлинг таҳлил;

ижтимоий муҳандислик ёрдамида шахснинг психологик портретини шакллантириш.

 

Муҳсинжон Султоновга кўра, шахснинг психологик портретини шакллантириш – ўз жонига қасд қилиш, турли жиноятлар содир этишга қўл урмоқчи бўлган шахсларни юз ифодасидан ажратиб олиб, бундай ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//