Илм-фан
Ўзбекистонлик ёш олимлар қандай изланишлар, ихтиролар билан машғул? Oyina.uz Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академияси аъзолари, 40 ёшгача бўлган тадқиқотчи ва тадбиркорлар 2020–2021 йилларда амалга оширган энг яхши стартап, амалий ва инновацион ишланмаларнинг ТОП 15 талигини жамлади.
1. Донор топишга қаратилган мобил илова
Шифохоналарда қон зарур беморлар учун шошилинч донор топиш, ўлим ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу йил республикамизнинг барча қон қуйиш марказларида мазкур иловани тўлиқ ишга тушириш режалаштирилмоқда. Муаллиф: Илҳомжон Болтабоев.
2. Йўлларда тирбандликларнинг олдини олиш лойиҳаси
Светофорнинг қизил чироғида ўнгга бурилаётган ҳайдовчилар учун хавфсиз ҳаракатланиш имконияти таъминланади. Ушбу лойиҳани барча чорраҳаларда қўллаш мумкин. Муаллиф: Мансур Шукуров.
3. Ифлосланган ҳавони тозаловчи қурилма
Мактабгача таълим муассасалари, касалхоналар, дўконлар, ресторанлар, сартарошхоналар ва бошқа гавжум жойларда ифлосланган ҳавони тозалашда қўл келади. Ушбу инновацион қурилма болалар ва ўсмирлар орасида нафас йўлларига оид касалликларни камайтиради, экспортга йўналтирилса иқтисодий самара келтиради. Муаллиф: Султон Обидов.
4. Афазия касаллигини даволашга мўлжалланган мобил илова
Бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ва инсульт оқибатида инсонларда афазия, яъни тил тутилиши касаллиги пайдо бўлади. Ушбу лойиҳа бемор нутқини тиклашга ёрдам берувчи ўзбек тилидаги биринчи мультимедиали мобил илова ҳисобланади. Муаллиф: Эркин Ҳафизов.
5. Саратонни аниқловчи дастурий тизим
Аёлларда кўп учрайдиган онкологик касаллик – кўкрак бези саратонини бошланғич даврида аниқлаш имконини беради. Бемор ҳақидаги барча маълумотлар ушбу тизим базасига киритилади ва касаллик даражаси аниқланади. Муаллиф: Муслимбек Пирназаров.
6. Ёрдамчи робот
Кафе ва ресторанларда мижоздан буюртмани олиб, айтилган таомни етказиб беради. Оммавий овқатланиш жойларида асосан имконияти чекланган одамларга хизмат қилади. Муаллифлар: Саидакбархон Пўлатов, Далёр Мардонов, Саидазизхон Саидаъолев, Саидаълохон Эргашхўжазода.
7. Сув тежовчи идиш
Оролнинг қуриб қолган тубини сув ресурсларини тежаш йўли билан кўкаламзорлаштириш, тўқайзорлар барпо этиш, сув етиб бормаган ҳудудларда муаммони ижобий ҳал қилиш мумкин. Лойиҳа ёрдамида сув танқислигига барҳам бериш, аҳоли яшаш жойларини тиклаш, чўлларни ўрмонзорга айлантириш бўйича 98 % самарадорликка эришиш кутиляпти. Муаллиф: Луқмон Самиев.
8. Кўзи ожизлар учун янги технология
Кўзи ожиз ёки кўриш қобилияти паст бўлган инсонларнинг компьютердан фойдаланишлари учун махсус клавиатура. Ушбу технология махсус мактаб-интернатларда амалиётга татбиқ этилади. Муаллиф: Ўлмас Зоиров.
9. Кўмир ўрнини босувчи хомашё
Полиэтилен пакетлари чиқиндиларини утилизация қилиш ва ундан кўмир ўрнини босувчи углеродлаштирилган хомашё тайёрлаш мумкин. Маҳсулот кон-металлургия комбинатларининг металга ишлов беришга мўлжалланган юқори ҳароратли печларида ишлатилади. Муаллиф: Бобур Обидов.
10. Намликни доимий кузатиб борувчи тизим
Ушбу қурилма қишлоқ хўжалиги ва ирригация, экин майдонларида сувни тежайди, ердаги намликни доимий кузатиб боради. Суғорилиши кўзда тутилган майдон намлиги камайса, далани суғоради. Акси бўлса, сувни тўхтатади ёки миқдорини камайтиради. Муаллиф: Акбарали Турдиев.
11. Инновацион платформа
Барча шифохон ва оилавий поликлиникаларда кичик ёшдаги болаларда кўз тўр пардаси саратонини аниқлаш платформаси. Қурилма ёрдамида кўз касалликларининг олдини олиш, чекка ҳудудларда кўз шифокорлари тақчиллигини камайтириш мумкин. Муаллиф: Мадина Каҳҳорова.
12. Автомобилни масофадан бошқариш
Автомобилни уяли телефон орқали масофадан Wi-Fi тизими ёки мобил алоқа тўлқини ёрдамида бошқариш имконияти яратилган. Машина эшикларини очиш-ёпиш, двигателни ва фараларни ўчириб-ёқиш, люк бошқаруви, юкхонани очиш, хавфни билдириш, автоматик қулфлаш, вақтни белгилаш каби қулайликлари мавжуд. Муаллиф: Исломбек Раҳмонбердиев
13. Тўлқинни кучайтирувчи қурилма
Туман марказларидан узоқ бўлган (30 чақиримгача) ҳудудларда алоқа ва интернет сифатини яхшилаш учун фойдаланилади. Метро бекатларида, баланд бинолар зич жойлашуви туфайли интернет ва телефон тизими тўсиққа учраганда ҳам асқатади. Муаллиф: Шукрулло Абдураҳмонов.
14. Виртуал парашют тренажёри
Виртуал тренажёр ёрдамида десантчи, парашют спортчилари, фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари машқ ўтказишлари мумкин. Виртуал кўзойнак, шамол иммитацияси, парашют сумкаси, пасайишни иммитация қилувчи гидравлик кўтаргич, клеванталар билан жиҳозланган. Муаллифлар: Иззат Мўминов, Анатолий Душаков.
15. Уруғ экувчи ускуна
Қишлоқ хўжалигида уруғларни автоматик тарзда экиш, пахта далалари ва бошқа экинзорларни юмшатиш мумкин. Чўлларда саксовул ва бошқа ўсимликлар уруғларини экишда қўл келади. Мазкур қурилма қуёш батареяси ёрдамида ишлайди. Муаллиф: Рустамжон Мадраимов.
Шаҳноза ТОЖИДДИНОВА тайёрлади.
Маданият
Спорт
Жаҳон
Жамият
Сиёсат
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ