Баҳо олиш учун сомон ташиган вазир. Тошқулов талабалик даврини ёдга олди

Сақлаш
14:41 / 25.02.2022 1221 0

Пайшанба куни олий ва ўрта махсус таълим вазири Абуқодир Тошқулов қорақалпоғистонлик талабалар билан учрашувда ўзининг ўқиш йилларидаги воқеаларни ёдга олди.

 

Вазир оддий оилада туғилиб ўсгани, вақтида қора иш қилишга ҳам мажбур бўлганини айтди.

 

«1993 йилда ўқишга топшириш ҳозиргидай ҳам эмасди. Ҳужжат топшираётган вақтингизга ҳозир сизларнинг кўпчилигингиз онлайн топширдингиз. Сурхондарёнинг Термиз давлат университетида ўқиганман. Уёқда Қорақалпоғистондагидек ҳаво иссиқ. Июль ойида +50 (градусдан) юқори бўлади. Мен эса тоғли туман, салқин жойда туғилганман. Келиб бир ҳафта ҳужжат топшира олмаганман. 1 ҳафта навбатда турганман», — деди у.

 

Шунингдек, у ўша вақтларда шаҳар ҳамда қишлоқ болаларини ажратиш, маҳаллийчилик ҳолатлари жуда кўп учраганини таъкидлади.

 

«У пайт «шаҳарнинг боласи», «қишлоқнинг боласи» деган ажратиш ҳам жуда авжида эди. Шаҳарнинг боласи келиб, суриб, бошқа қилиб топшириб кетарди. Қишлоқнинг боласи эса ўша (турган) ерида, қуёшнинг тагида қоларди. Энг ачинарлиси, «скоросшиватель»нинг ичида пул қўшиб берганлар ҳужжатини топшириб кетарди. Шу пул менда йўқ эди. Қўлимдан ҳеч ким етаклаб келмаган. Таниш-билиши бор ҳужжатини шундай топширарди. Таниши йўқ эса контракт бланкасини олмасдан ҳужжат ҳам топширмас эди», – деди Абдуқодир Тошқулов.

 

«Контракт бланка тарқатишнинг балл билан алоқаси йўқ эди. Ҳужжат топшираётганда ким шартнома олиб ҳужжат топширса, у неча балл олишидан қатъий назар шартнома билан ўқир эди. Таниш-билиш қилиб, „хола-хола“ қилиб ҳужжат топширган неча балл олишидан қатъий назар чизиқдан тепада бўлса, грантда (бюджет ҳисобидан) ўқир эди», – дея сўзлаб берди вазир.

 

Унинг сўзларига кўра, ўшанда 93 балл олганлар грантда ўқиган. Вазир эса 117 балл билан тўлов шартнома асосида таълим олган.

 

Тошқулов ўша вақтда унинг оиласида ҳам шароит яхши бўлмагани, онаси тиллаларини сотиб унинг биринчи йиллик контрактини тўлаб бергани ва шу йили у ҳамма фанини «5 га ёпганини» айтди.

 

Вазир ўқитувчиси билан боғлиқ бир сирни очиқлади: «Бир фан ўқитувчиси, ҳеч баҳо қўймай, «4 қўйиб бераман», деди. У ҳам ўша вақтдаги тизим – ҳамма баҳо 5 бўлса, «контракт» «грант»га айланишини биларди. Мен шундан ўтмасам, ўқий олмайман дедим. 1993 йил – мустақилликка ўтган йил эди. Ҳеч кимда пул йўқ, (шартнома пулини) қариндошинг ҳам тўлаб бермайди. Ўша вақтда эслайман, контракт битта видеоплеернинг нархидек – 250 минг сўм эди… Ҳамма саволига жавоб бераяпман. 4 (баҳо) қўяман дейди. Аллақачон, кимлардандир пулни териб олган. Мен эса бермаганман. Охири у – «уйимга 4 тележка сомон» келган. Шуни ташиб берсанг, 5 баҳо қўйиб бераман, деди».

 

У отаси 17 ёшигача ҳам сомон ташиттирмаганини эслаб, бунга сабаб унинг аллергияси борлигини айтди. Хаттоки телеэкран орқали комбайн буғдой ўраётганини кўрганда ҳам чучкириб қолганини айтган. Шунга қарамасдан, яна бир курсдоши билан устозининг шартини бажарганини, бунинг оқибатида эса ётоқхонага келганида юзлари шишиб, бир ҳафта ётиб қолганини ёдга олди.

 

Унинг сўзларига кўра, воқеанинг давомини унданда қизиқ давом этган. Йиллар ўтиб, Абдуқодир Тошқулов ўзи таҳсил олган университетга ректор бўлиб борган.

 

«Мен ўзим ўқиган университетга ректор бўлиб бордим. Ўша одам ишсиз экан, мен уни қайтадан ишга олдим. Ҳалиги воқеани эслатмадим, у эслолмайди ҳам. Ўшанда ундан 2 та нарсани илтимос қилдим. «Ўша вақтда ойлик кам бўлгандир, сиз пора олган эдингиз. Буни 100 фоиз биламан. Лекин, дарсни яхши ўтардингиз. Шу сабабли биринчидан – пора олманг, иккинчидан – талабани уйингизга олиб бориб, ишлатманг», – дея шарт қўйганини тилга олди.

 

Вазирнинг таъкидлашича, ҳозирда профессорларнинг ойлиги ошмоқда. Чет элда битта профессорлик учун маош тўланмайди, лойиҳаси учун ҳақ тўланади. У профессорлар изланишлардан тинмаслиги лозимлигини айтган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//