Андижон шаҳар ҳокими давлатга 1,7 млрд сўм зарар етказганликда айбланмоқда

Сақлаш
19:32 / 22.02.2022 861 0

Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида депутат ва шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровни терговга жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

 

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Баҳром Ҳайдаров ҳокимият ҳузуридаги Ер майдонларини ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия аъзолари билан гуруҳда Ер кодексининг 17, 23, 62-моддалари, қолаверса, президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор ҳамда фармойишларига зид равишда жисмоний ва юридик шахсларга аукцион орқали ўзининг ваколатидан қасддан фойдаланиб, ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратилиши ҳақида мутасадди мансабдорларга кўрсатма бергани аниқланган.

 

Бундан ташқари, ҳоким аслида бекор қилинган ҳужжатларни асос қилиб кўрсатган ҳолда, комиссия далолатномалари ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларига сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, 2019–2020 йилларда ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги қарор ва фармойишларни қабул қилган.

 

Тақдимномага мувофиқ, Баҳром Ҳайдаров жами 8 та ҳолатда 19 618 квадрат метр ерни ноқонуний ажратиш орқали жами 1 миллиард 779 миллион сўм минимал аукцион баҳоси қийматидаги пул маблағларини давлат бюджетига ундирилмай қолишига сабабчи бўлган ва давлат манфаатларига зарар етказган.

 

Шаҳар ҳокимининг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми «а» банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди ва 229-моддаси (ўзбошимчалик) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятлар таркиби мавжудлиги қайд этилган. Шундан келиб чиқиб, унга нисбатан эҳтиёт чораларини қўллаш лозимлиги кўрсатилган.

 

Нашрнинг Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновга таяниб ёзишича, мазкур хат асосида 3 февраль куни Андижон вилояти прокуратураси томонидан Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашига тақдимнома киритилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//