«Uzbekistan Airways» самолёти Россия ҳарбий ҳаво кучлари машғулот ўтаётган ҳудуддан учиб ўтгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берилди

Сақлаш
17:23 / 21.02.2022 860 0

Ижтимоий тармоқларда Тошкент–Истанбул йўналиши бўйича Қора денгиз устидаги ҳаво майдонидан амалга оширилган парвоз ҳақида хабарлар тарқалди. «Uzbekistan Airways» ахборот хизмати ҳолат бўйича изоҳ берди.

 

Қайд этилишча, ушбу йўналишдаги парвозларни чекловчи аэронавигация маълумотлари бўлмаган. Қора денгиз устидаги ҳаво майдони парвозлар учун тўлиқ очиқ ва хавфсиз бўлган.

 

Шунингдек, шу вақтда «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг Boeing 757 самолёти яқинида Россия, Туркия, Озарбайжон, Ироқ ва бошқа мамлакатлардаги бир қатор авиаташувчиларнинг самолётлари ҳам ўз парвозини амалга оширган.

 

Қора денгиз устидан ҳаво кемалари ҳаракати хавфсизлиги Россия ҳаво ҳаракатини назорат қилиш органлари ва Туркия томонидан узлуксиз таъминланган. Шу билан бирга, Ростов ҳаво ҳаракатини назорат қилиш марказининг диспетчери томонидан самолёт экипажига Қора денгиздаги юқорида кўрсатилган маршрутга кириш ва ундан фойдаланиш учун рухсат берилган.

 

«Ҳаво кемасида бўлган 155 нафар йўловчининг ҳаётига ҳеч қандай хавф юзага келгани йўқ. Парвоз қатъий белгиланган жадвал асосида, халқаро ҳаво транспорти стандартларига тўла риоя қилинган ҳолда амалга оширилди», дейилади хабарда.

 

Шунингдек, компания ахборот хизмати ишончсиз ва тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//