Ўзбек шифокорлари Марказий Осиёда илк бор қизилўнгач атрезияси билан туғилган чақалоқларда тиғсиз жарроҳлик амалиёти ўтказди

Сақлаш
23:33 / 17.02.2022 905 0

Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик марказида икки нафар жажжи бемор туғма қизилўнгач атрезияси билан дунёга келган. Авваллари бундай операциялар чет эллик мутахассислар билан ҳамкорликда амалга оширилар эди. Бу гал қизилўнгач атрезиясининг торакоскопик амалиёти маҳаллий шифокорлар томонидан илк бор мустақил ўтказилди.

 

– Айрим чақалоқларда қизилўнгачнинг берк бўлиши, умуман бўлмаслиги ёки ўпкага бориб уланиши каби ҳолатлар учрайди, – дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев. – Яқин йилларгача юртимизда қизилўнгач атрезияси билан туғилган чақалоқларни сақлаб қолиш имкони бўлмаган. Кейинчалик бундай дард билан туғилган гўдакларни операция орқали даволай бошладик. Аммо ўша пайтда бундай амалиётлар кесиш йўли билан бажарилган.

 

Яқиндан бошлаб Россиянинг Иркутск болалар клиник шифохонаси хирурги Юрий Козлов билан ҳамкорликда қизилўнгач атрезиясини торакоскопик усулда, яъни тиғ теккизмасдан операция қилишни бошладик. Ўтган йилнинг 29 ва 31 декабрь – Янги йил оқшомида худди шу хасталик билан туғилган чақалоқларни операция қилдик. Қарийб 4 соат давом этган мураккаб амалиёт натижаси нафақат беморнинг оиласи, балки биз, шифокорлар учун ҳам жуда муҳим эди. Чунки юқори технологик ноёб операцияни илк бор мустақил амалга оширгандик.

 

 

Таъкидланишича, торакоскопик усулдаги хирургик амалиётдан сўнг чақалоқларнинг тўлиқ соғайиши жуда тез кечди. Шу сабабли қашқадарёлик М. Равшанова ва наманганлик Н. Тўйчиева туғма касаллик билан дунёга келган фарзандларини қисқа муддатда бағрига олди.
 

Профессор Б. Эргашевнинг таъкидлашича, бундай мураккаб касалликларнинг туғуруқдан олдин аниқланиши ундан халос бўлишнинг асосий омилидир. Неонатал хирургиянинг моҳияти шундаки, у хасталикни бола дунёга келган илк кунлардаёқ олдини олади.

 

Қизилўнгач атрезиясининг торакоскопик операцияси дунёнинг саноқли давлатларида, фақатгина ўта малакали хирурглар томонидан амалга оширилади.

 

Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия ўқув-даволаш-методик маркази мутахассислари эса ўтган йилнинг ўзида 6 та ана шундай юқори технологик жарроҳлик амалиётини ўзлаштирди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//