«Мен чарчадим. 3,5 йил ишлаган бўлсам давлатнинг бир сўм пулига хиёнат қилмадим» — Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Сақлаш
20:09 / 16.02.2022 1371 0

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 3,5 йиллик фаолияти давомида бир сўм ҳам давлатга хиёнат қилмагани ва аввал ишлаган компаниялари унга ёрдам бериб туришини маълум қилди. Бу ҳақида у 16 февраль куни пойтахт ҳокимлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

 

Матбуот анжумани бир ярим соатдан ошиқ давом этди, унда эса шахсан ҳокимнинг ўзи иштирок этмади. Анжуманда Тошкентнинг Навоий кўчасида амалга ошириладиган таъмирлаш ишларига ҳомийлик маблағлари сарфланиши тўғрисида гап кетди. Шундан сўнг пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев анжуман бўлаётган жойга кириб келди.

 

«Мен аввал катта компанияларнинг раҳбари бўлганман, ёшлигимдан сиёсатчи бўлмаганман. Менинг тарихим ишлаб чиқариш, тадбиркорликка боғлиқ. Мен умрим бўйи сиёсатда ишламаганман. Ҳомийлик масаласига келсак, мен ҳам шу мамлакатнинг фарзандиман. 3,5 йиллик фаолиятим давомида кўп жойларга аввалги ишлаган компаниям ёрдам берди, ҳомийлик қилиб келди. Риё деган нарса бор, савоб деган нарса бор. Агар бугунги ҳомийликни айтмасанг савобини нариги дунёда оласан, агар айтсанг риё бўлади. Агар қилган ишларни очиқ-ойдин ҳаммага айтсанг риё бўлади. Шунинг учун бугунгача айтмадик. Лекин бугун кўпчилик суриштирди, майли», — дея гап бошлади ҳоким.

 

У ўзи ишлаган компания — Akfa кўп нарсалардан воз кечаётганини айтиб ўтди.

 

«Яъни фақат ишлаб чиқаришни олиб қолади, қолган — дўкон, супермаркет, гипермаркетларини сотиб юборади. Бу йил ҳам «Экобозор»ни сотди ва сотилган пулнинг ярми билан ўзининг банкдаги қарзларини тўламоқчи. Бундан ташқари, Akfa medline компанияси 200 нафар юрак нуқсони билан туғилган болаларни операция қилмоқчи, ўтган йили 75 нафарини қилган эди. Айтмоқчи эмас эдим, лекин мажбур бўлдим. Бундан ташқари кўп қилган ишлари бор. Бу йил ҳам Akfa ва Artel компанияси ёрдам бериш мақсадида «нима ёрдам қилайлик?», деб сўради. Улар ўз мол-мулкларини сотяпти, яримини банкдаги кредитларидан қутилишга беряпти, яримини эса шаҳарга парклар, аллеяларга сарфлаб, менга ёрдам беряпти. Кичкина болалар операцияси, ночор уйларнинг томларини ёпиб бериш, кичкина маҳаллаларни асфальтлаш каби нарсаларга харажат қилинмоқда. Агар очиқчаси керак бўлса шу», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

 

Унинг таъкидлашича, бу йил ҳокимликка 80 миллиардлик ёрдам пули кўрсатилади.

 

«Мен шунга асосланиб, уларга ўз илтимосларимни айтяпман. Мен бошқа нарса деёлмайман. Мен чарчадим. 3,5 йил ишлаган бўлсам давлатнинг бир сўм пулига хиёнат қилмадим. Олдимдан қўшган бўлсам қўшдим, лекин бир сўмига хиёнат қилмадим. Менинг шаҳар ҳокими бўлишдан аввал 35 та машинам бор эди. Мен жуда ҳам машиналарни яхши кўраман. Ҳозир эса олтита қолди. Яқинда яна битта машинамни аукционга қўяман, сотилган пулини юрагида нуқсони бор болаларни операция қилдирамиз. Агар булар гуноҳ бўлса розиман, агар бу пулни ишлатма шунга десангиз ҳам розиман. Лекин менинг айбим – қилган ишларни айтиб туриши керак экан инсон. Айтмаганим гуноҳ. Сергелидан уйи йўқ инсонларга 400 та квартира ҳадя қилишган. Шуларни айтсам бўларкан, айтмаганман. Бугун афсусланяпман. Лекин ишонаверинглар, бирор сўм давлатга хиёнат қилмадим. Борим шу», — дея сўзларини якунлаб, анжуман залидан чиқиб кетди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//