“Биз Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига катта ҳурмат билан қараймиз”

Сақлаш
23:59 / 15.02.2022 1215 0

Республика Маънавият ва маърифат марказида O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” устувор йўналишларига бағишлаб Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш вазифалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

 

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Дилшод Шоумаров қатнашди.

 

 

“Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида маънавий ривожланишни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш йўналишидаги устувор мақсад ва вазифалар”, “Эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш”, “Янги маънавий макон ва маърифатли жамият барпо этиш йўналишидаги устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш механизмлари” мавзуларида таниқли олимлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, партия сиёсий кенгаши аъзолари маъруза қилдилар, биргаликда амалга ошириладиган ишлар хусусида фикр алмашдилар.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Мирзо ўз сўзида олдинда турган долзарб вазифаларга тўхталди:

 

– Биз Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партиясига катта ҳурмат билан қараймиз. Чунки бу партия кўпроқ амалий лойиҳалар асосида ишлайди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавиятдир”. Агар ўз сафида миллий иқтисодиётимиз ривожига катта ҳисса қўшиб келаётган тадбиркорларни бирлаштирган партия билан маънавий-маърифий тизим жонкуярлари бирлашса, катта мақсадлар йўлида ҳамкорлик қилса, жуда катта натижаларга эришиш мумкин.

 

 

 

Бугунги кунда O‘zLiDePнинг аъзолари сони 1 миллион 100 мингдан ошгани бежиз эмас. Улар орасида илғор фикрли, инновацион ёндашувлари, ватанпарварлиги билан янги Ўзбекистон ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган йирик тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, хизмат кўрсатиш соҳаси вакиллари, таниқли олимлар, қурувчилар, шифокорлар, адабиёт ва санъат намояндалари бор.

 

Мамлакатимиз иқтисоди жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Унда тадбиркор ва ишбилармонлар фаол ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда бирор бир соҳани уларсиз тасаввур қилиш қийин. Тадбиркорлар томонидан нафақат янги ишлаб чиқариш корхоналари, балки хусусий таълим муассасалари, ўқув марказлари, мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, хусусий тиббиёт муассасалари, нодавлат телерадиоканаллар, интернет сайтлари, реклама агентликлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Мазкур муассасаларда ҳам маънавий-маърифий ишлар устувор бўлиши зарур.

 

 

Тадбиркорлик маданиятини ва бозор маънавиятини юксалтиришга эҳтиёж бор. Афсуски, бугун мўмай фойда илинжида ўз қадриятлари илдизига болта ураётган, беҳаёлик, ахлоқсизликни тарғиб этаётган “уддабурон”лар ҳам йўқ эмас. Давра суҳбатида ана шундай ҳолатлар, жумладан, хусусий телерадиоканаллар, реклама агентликлари орқали эфирга узатилаётган хорижий сериаллар, фильмлар, реклама воситалари маънавий мезонлар асосида муҳокама қилинди.

 

Муҳокамада Республика Маънавият ва маърифат марказининг масъул ходимлари, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда партиядан Тошкент шаҳар ва туман кенгашларига сайланган депутатлар қатнашди.

 

Тадбирда Марказ ва партия келгусида ўзаро ҳамкорликда амалга оширадиган ишлар юзасидан келишиб олинди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//