“Иккинчи Ренессанс даврининг буюк сиймолари” тадбири доирасида сара китоблар совға қилинди

Сақлаш
15:13 / 15.02.2022 1018 0

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аждодларимиз маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида чора-тадбирлар дастури асосида жойларда маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, маҳаллалар кесимида “маҳаллабай” тизимида тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.

           

Кеча, 14 февраль куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 144-мактабда “Иккинчи Ренессанс даврининг буюк сиймолари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, юридик фанлари номзоди, профессор Феруза Муҳитдинова, Республика Маънавият ва маърифат маркази маъсул ходими Пардахол Норқобилова, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дўстлик” ордени соҳибаси Барно Қодирова, 144-мактаб директори  Зулфия Шамсиева, “Муқимий” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асатулло Нигматов Иккинчи уйғониш даврининг буюк сиймолари бўлган Ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳамда Заҳриддин Муҳаммад Бобурнинг жаҳон илму фанига қўшган ҳиссаси ва буюк хазина бўлган асарлари ҳақида йиғилганларга  муҳим ва қизиқарли маълумотларни сўзлаб беришди.

 

           

 

Тадбирда мактаб ўқувчилари томонидан Алишер Навоий ва Бобур ғазаллари, рубоий ва туюқларининг ифодали ўқилиши, ажойиб саҳна кўринишларини ижро этилиши йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

 

 

Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат марказининг маъсул ходимлари “Муқимий” маҳалласидаги хонадонларда ҳам бўлишиб, ижтимоий-маънавий кўмакка муҳтож оила фарзандларини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантиришди. Илмий-оммабоп, бадиий адабиётлар жамланмасини тақдим этилиши хонадон аҳилларида миннатдорчилик ҳиссини янада орттирди.

           

“Муқимий” маҳалласи фуқаролар йиғинида ташкил этилган кутубхонага ҳам 12 номдаги бадиий-илмий оммабоп адабиётлар совға қилинди. Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Маҳалла-мактаб-оила” концепцияси асосида тарғибот тадбирлари ва китобхонлик акцияларини ўтказиш барча маҳаллаларда давом эттирилиши режалаштирилган.  

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//