Яқин келажакда қайси касб эгаларига талаб кучаяди? (рўйхат)

Сақлаш
16:05 / 13.02.2022 1787 0
Фото: kun.uz

ПМТИ экспертлари Ўзбекистон меҳнат бозорида кадрларга бўлган талаб қандай эканлигини аниқлади.

 

Кадрларга бўлган жорий талабни таҳлил қилиш меҳнат бозорида талаб ва таклифнинг бир-бирига мос келмасик хавфини камайтириш учун зарур чораларни ишлаб чиқиш имконини беради. Бунга малакали кадрларни тайёрлаш тизимини ўзгартириш орқали эришиш мумкин.

 

ПМТИ экспертлари кадрларга бўлган талабнинг шаклланиши, шунингдек, 2026 йилгача Ўзбекистон меҳнат бозорида бандлик прогнози бўйича тадқиқот ўтказди. Натижада тармоқлар бўйича қуйидаги прогноз параметрлари олинди:

 

Саноат соҳасида:

 

- 2026 йилга бориб, саноатда бандлик даражаси 2020 йилдагига нисбатан 3,6%га ошади ва умумий бандликдаги улуши 17,2% ни ташкил қилади;

 

- саноат тармоқларининг кадрларга йиллик эҳтиёжи 150 минг кишини ташкил этади (ходимлар ҳаракати бундан мустасно);

 

- республика саноат тармоғидаги барча ишчиларнинг 45% дан ортиғи саноатдаги бандлик улуши энг юқори бўлган ҳудудлар - Навоий (28,9%), Тошкент (22,8%), Фарғона (19,6%) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (20,3%)да жамланади.

 

Қишлоқ хўжалигида:

 

- 2026 йилга бориб, қишлоқ хўжалигида бандлик даражаси 24,2% ни ташкил этади;

 

- қишлоқ хўжалиги учун ҳар йили 35 мингга яқин кадр зарур (ходимлар ҳаракати бундан мустасно);

 

- қишлоқ хўжалигида банд бўлган аҳолининг энг юқори улуши Сирдарё (46,8%), Жиззах (41,8%) ва Сурхондарё (36,3%) вилоятларига тўғри келади.

 

Хизмат кўрсатиш соҳасида:

 

- 2026 йилда хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлганлар улуши 58,6% ни ташкил этади;

 

- 2026 йилда хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлганлар улуши Тошкент шаҳри (79%), Наманган вилояти (62%), Қашқадарё вилояти (62%) ва Қорақалпоғистон Республикаси (60%) да энг юқори бўлиши кутилаяпти.

 

Қўшимча.
Прогнозлаштириш усули. Иқтисодиёт тармоқлари бўйича кадрларга талаб прогнози тасодифий эффектлари бўлган панель маълумотлари асосида регрессион моделдан фойдаланилган ҳолда ҳисобланди. Иқтисодиётда банд бўлганларнинг умумий сони, тармоқда ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми каби омиллардан фойдаланилди. Ушбу усулда фақат саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаси каби йирик тармоқлар ҳисобга олинган. Модель учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2009–2020 йилларга оид ҳудудлар бўйича статистик маълумотларидан фойдаланилди.

 

Саноат
Прогноз кўрсаткичларига кўра, 2026 йилга бориб саноатда банд бўлганлар улуши 2020 йилдаги 13,6% ўрнига 17,2% ни ташкил этади. Бунга биринчи навбатда, ҳар бир вилоятда йирик саноат корхоналари, кластерларни ташкил этиш ва аҳолини тадбиркорлик фаолиятига жалб этишни назарда тутувчи инвестиция дастурлари кўмак беради. Бу соҳа учун ҳар йили ўртача 150 минг киши керак бўлади (ходимларнинг ҳаракатини ҳисобга олмаган ҳолда).

1-расм. 2026 йилгача саноат тармоғида банд бўлганлар
(минг киши)

 

Саноатда банд бўлганлар улуши табиий ва иқтисодий салоҳият ҳамда ресурслардан самарали фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш қувватларини кучайтириш, узоқ муддатли истиқболда синергик таъсирга эга бўлган янги ноанъанавий ишлаб чиқариш ва хизматларни ташкил этиш ҳисобига оширилади. Ҳудудлар (Бухоро, Жиззах, Наманган, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари)ни ривожлантириш уларнинг саноатлашиш даражасини оширишга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида саноатда бандлик ва меҳнат унумдорлигини оширади.

 

Юқори қўшилган қийматга эга экспортбоп, инновацион технологияли маҳсулотларни ишлаб чиқариш, хизматларнинг янги турлари (компьютер дастурлаш, ускуналарни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш)ни ривожлантириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш Андижон, Жиззах, Наманган, Тошкент ва Хоразм вилоятларида саноатни жадал ривожлантириш имконини беради. Натижада, ҳудудлар кесимида саноатда банд бўлганларнинг энг катта улуши Навоий (28,9%), Тошкент (22,8%), Фарғона (19,6%) вилоятлари ва Тошкент шаҳри (20,3%) нинг ҳиссасига тўғри келади. Саноатда банд бўлганларнинг 45% дан ортиғи ушбу саноатлашган ҳудудлар ҳиссасига тўғри келиши кутилмоқда. Саноатда банд бўлганларнинг энг кам улуши Сурхондарё, Жиззах ва Хоразмда кузатилади.

 

Qishloq xoʻjaligi
Prognoz hisob-kitoblariga koʻra, qishloq xoʻjaligining iqtisodiyotdagi ulushi 8-10% gacha kamayishi mumkin. Ushbu sohada band boʻlganlar ulushi 2020-yildagi 26,7% dan (shunga qaramay, soni oʻsadi) 2026-yilga borib 24,2% gacha kamayishi kutilmoqda. Qishloq xoʻjaligidan kadrlarni boʻshatish aholini qishloq xoʻjaligi mahsulotlarini qayta ishlashga jalb etish orqali bosqichma-bosqich amalga oshiriladi. Bu esa oʻz navbatida sohadagi eksport hajmini kengaytirish imkonini beradi. Qishloq xoʻjaligiga har yili oʻrtacha 35 mingga yaqin kadr zarur. Mazkur tarmoq uchun kadrlarga boʻlgan talabning pastligi band aholining qishloq xoʻjaligidan ozod etilishi va ishlab chiqarishga jalb etilishi bilan asoslanadi.

2-расм. 2026 йилгача қишлоқ ҳўжалигида банд бўлганларнинг
улуши (фоизда)

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон шароитида қишлоқ хўжалигида банд бўлганлар сонини кескин қисқартириш мумкин эмас, чунки аҳолининг 50% ортиғи қишлоқларда истиқомат қилади. Қишлоқ хўжалигидан бундай тез озод қилиш ишсизлар сонини ошириб юбориши мумкин.

 

Қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг энг юқори улуши Сирдарё (46,8%), Жиззах (41,8%) ва Сурхондарё (36,3%) вилоятларига тўғри келади. Ушбу ҳолат, биринчи навбатда мазкур ҳудудларда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига шаклланади.

 

Хизмат кўрсатиш
Иқтисодиётда банд бўлганларнинг ярмидан ортиғи хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилади. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини инобатга олган ҳолда 2026 йилга бориб, ушбу соҳада банд бўлганларнинг улуши 58,6% этади.

3-расм. 2026 йилда хизмат кўрсатиш тармоқларида банд бўлганларнинг тақсимланиши (фоизда)

Мазкур соҳада кадрларга бўлган талаб ҳар йили ўртача 220-250 минг кишини ташкил қилади. Бунда асосий эътибор кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва норасмий секторда ишлаётганлар сонини қисқартиришга қаратилади. Чунки хизмат кўрсатиш соҳасида энг юқори норасмий бандлик даражаси сақланиб қолмоқда.

 

Прогноз ҳисоб-китобларига кўра, хизмат кўрсатиш соҳаси ҳудудлар бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва механизмларни ҳисобга олган ҳолда ривожланади, шунингдек, масофадан туриб, шу жумладан қишлоқ жойларда онлайн кўрсатилаётган хизматлар кўламини рақамлаштириш ҳисобига кенгайтирилади. Бу қуйидагиларни назарда тутади:

 

а) АКТнинг фаол ривожланиши ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ривожланишига мультипликатив таъсири натижасида;

 

б) иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар, қабул қилинган ва жалб этилаётган инвестицияларни тармоқ дастурларини (соғлиқни сақлаш, таълим ва молия хизматларида) ривожлантиришга йўналтириш;

 

в) банк кредитлари ва ер участкаларини ажратиш орқали республиканинг чекка қишлоқларида намунавий маиший хизмат кўрсатиш мажмуаларини ривожлантириш.

 

Хизмат кўрсатиш соҳаси тармоқларида ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланади ва ушбу соҳада кадрларга талаб ортиши, аниқроғи йилига ўртача 3,3 мингдан ортиқ мутахассисга эҳтиёж сезилиши кутилмоқда. Молия соҳасидаги мутахассисларга бўлган талаб барқарор ўсиб боради. Йиллик эҳтиёж 2 минг кишини ташкил этиши кутилмоқда. Қурилиш, транспорт, савдо ва умумий овқатланиш каби тармоқларда ҳам бандлик даражаси ортади. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида банд бўлганлар улуши бироз ошади. Бу тармоқларда тайёрланаётган кадрлар сифатини оширишга жиддий эътибор берилади. Уй-жой коммунал хўжалигида бандлик даражаси барқарор суръатда ошиб боради. Бу соҳада кескин тебранишлар кутилмайди.

 

Прогноз ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилга бориб, Тошкент шаҳрида хизмат кўрсатиш соҳаси жадал ривожланади. Пойтахтда хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлганлар улуши 79% га этади. Бу кўрсаткич Наманган вилоятида 62% ни, Қашқадарё вилоятида 62%, Қорақалпоғистон Республикасида 60% ни ташкил этади.

 

Шундай қилиб, ҳисоб-китобларга кўра, келгусида Ўзбекистон меҳнат бозорида шифокорлар, муҳандислар, технологлар, дастурчилар ва юқори малакали ўқитувчиларга талаб юқори бўлиши кутилмоқда. Шуни таъидлаш керакки, кадрларга бўлган талабни сифатли прогнозлаш учун ҳар чоракда иш берувчилар ўртасида кадрларга бўлган талабни касблар бўйича аниқлаш мақсадида сўров ўтказиш лозим. Бу биринчи навбатда меҳнат бозорида кадрларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжни аниқлаш, талаб паст бўлган мутахассисларни тайёрлашга йўл қўймаслик, шунингдек иқтисодиётнинг кадрларга бўлган узоқ ва ўрта муддатли эҳтиёжини тармоқлар ва касблар бўйича сифатли прогнозларни ҳисоблаш имконини беради.

 

ПМТИ мутахассислари келгусида бу масалани Австралия (МОНАШ модели), Германия (ИНФОРГE, Лабоур маркет барометер) ва АҚШ каби ривожланган мамлакатларнинг кадрларга бўлган талабни прогнозлаш моделларидан (улар иқтисодиётнинг камида 50 та тармоғини ҳисобга олади) фойдаланган ҳолда кўриб чиқишни режалаштирмоқдалар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//