Иқтидорли болалар дам оладиган «Ренессанс» оромгоҳи ташкил этилади

Сақлаш
22:26 / 11.02.2022 1060 0

Бўстонлиқдаги «Ёшлик» болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида «Ренессанс» соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилади. Унда иқтидорли болалар ҳамда агентлик тизимидаги ходимлар дам олади ва ўқитилади. Бу ҳақида 9 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган.

 

Ушбу ҳудуд аввал «Ўзметкомбинат» АЖ тузилмасидан Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфига ўтказилган ҳамда келгуси 10 йил давомида оромгоҳни сақлаш билан боғлиқ харажатлар «Ўзметкомбинат» АЖ томонидан ажратиладиган ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланиши айтилган.

 

Қуйидагилар оромгоҳ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

 

болаларни соғломлаштириш, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатиш, жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш;

ёшларнинг IT, STEAM (илм-фан, технология, муҳандислик, санъат, математика), бизнес бошқаруви, ижод соҳаларидаги иқтидорини ривожлантириш;

ёшларни тадбиркорликка ўргатиш, ташаббуслар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш;

имконияти чекланган ёшларни қўллаб-қувватлаш;

иқтидорли ёшлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш ва улар билан тизимли ишлаш механизмларини жорий этиш;

ўқувчиларни халқаро фан олимпиадалари ва танловларга самарали ва интенсив ҳолда тайёрлаш;

агентлик тизимидаги раҳбар ва педагог кадрларнинг қисқа муддатли малака ошириш курслари, методологик амалиёти, халқаро экспертлар иштирокида маҳорат дарслари ва бошқаларни ўтказиш.

Оромгоҳ йил давомида фаолият юритади, унда иқтидорли болалар дам олади ва ўқитилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//