«Она тили фани дарсликлари турли грамматик қоидалардан тозаланади» – Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари

Сақлаш
16:42 / 11.02.2022 1512 1

Барча синф ўқувчилари учун она тили дарсликлари турли грамматик қоидалардан имкон қадар тозаланади. Бу ҳақида АОКАда ўтказилган брифингда Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева маълум қилди.

 

Унинг сўзларига кўра, бундан кейин «ўтимли ва ўтимсиз феъллар», «воситали-воситасиз тўлдирувчилар», «феъл кесим ва от кесим», «сифатловчи-сифатланмиш» ва шу каби мавзулар она тили дарсликларидан чиқариб ташланади. Эндиликда ўқувчилар кўпроқ матн билан ишлайди. Мавзулар тилнинг ижтимоий вазиятларда қўлланилиши нуқтаи назаридан танланади.

 

«Ўқувчи энди матн остида берилган топшириқ ва машқлар асосида тил грамматикасига доир кўникмаларни ҳам эгаллаб боради. Дарсликларимиз грамматик қоидалардан холи ва болани турли қоидаларни ёд олишга мажбурламасада, лекин грамматик кўникмалар ўз ўрнида қолади. Шунчаки энди бу қоидалар амалий жиҳатдан ўргатилади. Уларнинг шаклига эмас, мазмунига урғу берилади», — деди у.

 

«Шундай экан, дарсликда грамматика эмас, грамматик қоидалар берилмаган дейиш тўғри бўлади, — деди Моҳира Нуруллаева. — Дарслик ўқувчида кўникмани шакллантириши керак. Грамматик қоидаларни эса ўқитувчи етказиши мумкин».

 

«Дарслик — бу дидактик материал, холос… Энди Миллий ўқув дастури асосида она тили Олий таълим муассасаларига кириш учун ДТМ тестларини ечишга эмас, она тилидан самарали фойдаланишга ўргатади. Мазкур ёндашув сабаб, афсуски, мактабларда она тили дарсларига энг кўп соат ажратилишига қарамай, ёшлар саводсиз бўлиб қолишди», — дейилади хабарда.

 

Хабарга кўра, эндиликда она тили фанига шунчаки ўқув предмети сифатида қаралмайди. Миллий ўқув дастурига кўра, она тили фани асосида тил бутун борлиқни, табиатни, жамиятни, фанларни,ўзликни англаш ва ўрганиш воситасига айлантирилади.

 

Қўшимча қилинишича, эртага ўқувчилар ўзи муайян соҳа мутахассисига айланганида мактабда олган билимлари эвазига ўзбек тилида иш юритишга, нутқ сўзлашга, мақола ёзишга ва теран фикрлашга қийналмайди. Шунга мувофиқ, келгусида ДТМ тестларининг баҳолаш мезонлари ҳам ўзгаради.

1 Изоҳ

Gulasal

12:01 / 01.01.1970

Judayam to'g'ri qaror qabul qilinibti. Chunki bolalar turli xil qoidalarni yod olishga ko'p vaqt sarflaydi va ba'zi bir qoidalar bir birini inkor ham qilishi ham uchrab turadi. Matn bilan ishlash bolani fikrlashini kengaytiradi. Shu bilan birgalikda 5-6sinflarda dars soatlarini yanayam ko'paytirilishini so'rardim chunki bolaga yangi mavzular o'rgatiladi va bolaning tushunishi uchun ayrim darslarni 2soatlab o'tilishi kerak.

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//