Маданият
Хонанда Санжай Instagram саҳифасида ундан «Карвон» қўшиғининг шеърига муаллифлик ҳуқуқини талаб қилган шоир Усмон Азимга мурожаат қилди.
Хонанданинг маълум қилишича, у қўшиқни куйлашдан олдин Усмон Азим билан гаплашган ва шоир муаллифлик ҳуқуқини Шерали Жўраевга сотганини айтган.
«Карвон» қўшиғига суд бўлди, Санжарга фалон сумма жарима қўйилибди», деб айтяпти. Тўғри, суд бўлди. Шундай жарима қўйилди, лекин ҳали суд тугагани йўқ. Суд тугамасдан туриб, ҳар хил бўлар-бўлмас блогерлар турли маълумотларни чиқариб ташлаяпти. Биз апелляцияга берганмиз. Худо хоҳласа яна суд бўлиб, бу нарсалар кўриб чиқилади. Ундан кейин қандайдир жавоб бўлиши мумкин», дея маълум қилган хонанда.
У шундан сўнг, шоир Усмон Азимга ҳам мурожаат қилган.
«Ҳозир айтмоқчи бўлганим, баъзи бир шоирларга. Гап бўлиши мумкинмас. Зўр шоирсизлар. Усмон Азим Ўзбекистон халқ шоири ҳисобланади. Лекин сизлар шеърнинг у томонини ҳам бу томонини ҳам кўринг. Бу шеър ёзилганига 40 йил бўлибди. Уни Усмон Азим ёзганми ёки бошқами шахсан менга қоронғи. Чунки мен Усмон Азимга телефон қилганимда, Санжар ака муаллифлик ҳуқуқлари Шерали Жўраевга сотилган деб айтган. Одам эркак бўлиши, бир гапда туриши керак. Мен телефон қилиб гаплашганимда, «Мен бу қўшиқни унга сотганман», деб айтган», дейди хонанда.
Санжай тақинчоқларини сотаётгани ҳақида хабар берган. Бироқ 1-2 соат ичида олиб ташлаган. Хонанда буни яқинлари ва атрофидагиларни синаб кўриш, дўст-душманларини билиш учун қилганини айтган.
«Мен айтган «Карвон» қўшиғини нечта миллат айтиб чиқди? Мен ўзбек тилида бутун дунё куйлайди деб айтгандим. Африка, Европа, Америка, Россия, Корея, Япониядан «Карвон» қўшиғининг мен айтган вариантини куйлаб чиқди. Ҳеч ким Шерали Жўраевнинг вариантини айтиб чиқаётгани йўқ. Мен бошқа давлат вакилларини айтяпман. Бу билан «Мен зўрман», демоқчи эмасман. Шоир хурсанд бўлиши керакми? Унинг шеъри бутун дунёда айланяпти. Сен судда мендан пул олишинг керакми? Агар гап пулда бўлса, мен ўша пулни судсиз ҳам элтиб бераман. Одамда одамгарчилик бўлиши керак. Ўзбек эстрадасида қанча қўшиқ ўғирланган. Ҳаммаси мусиқа олиб, ўзбекча сўз қўйиб айтиб чиқяпти. Нимага ҳеч ким судга бермайди?», дейди Санжай.
Хонанданинг сўзларига кўра, у шеърнинг рухсатини олишга 2 йил уринган.
«Мен шу шеърнинг рухсатини оламан деб 2 йил Жўраевларнинг орқасидан юрганман. Лекин шу нарса бўлмади. Биринчидан, мен бу шеърни Усмон Азим ёзганми, йўқми билмаганман. Агар билганимда, менга Жўраевларнинг орқасидан юришим нима кераги бор эди. Ўзбекистонда шеър 100-200 доллар туради. Лекин мен телефон қилганимда, муаллифлик ҳуқуқини Жўраевларга сотганман деган. Ҳозир шароит бўлиб қолганда, мендан соққа қилишди. Агар судда ютсангиз, ҳалолингиз бўлса, ҳақиқатдан ҳам 40 йил олдин ёзган шеърингиз учун шундай нарса қилаётган бўлсангиз, олинг», дейди у.
Хонанда шеър учун ёзилган мусиқани ўзи яратганини, қўшиқнинг ҳит даражасига чиқишини ўзи ҳам кутмаганини айтган.
«Шеърни олган бўлсам ҳам мусиқасини ўзим яратганман. Шеър ёзишга қараганда, мусиқа басталаш қийинроқ. Ўзим ҳам шеър ёзаман. Мен «Карвон»нинг бу даражада хит бўлиб кетишини билмаганман. Кимдир 3 ойда унутилиб кетади деганди. 3 йилдан бери шу қўшиқ учун суд бўляпти. Бу тарихда қоладиган қўшиқлардан», деган хонанда.
Санжай мухлисларидан уни қўллаб-қувватлашини сўраган.
«Сизлардан илтимос, менинг YouTube, Telegram каналларимга обуна бўлинг. Менинг пул топадиган бошқа жойим йўқ. Мен тўйларга ҳам кўп чиқмайман. Яхши ҳам бир-иккита ишларим бор. Улардан пул топаман. Бўйнимгача қарзим бор. Кредитларим бор. Лекин мен нолимаяпман. Ижод қиляпман. Ҳеч бўлмаса, ишлашимга ҳалал берманг. Менинг бошқа гапим йўқ. Менимча Россияга кетсам керак. Бунга оз вақт қолди», дейди Санжай.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хонанда Санжай томонидан куйланган «Карвон» қўшиғи қўшиқ сўзи Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимга тегишли бўлиб, Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди Санжайдан шоир Усмон Азим фойдасига 97 миллион 800 сўм ундирилишини маълум қилган эди.
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ