Ўзбекистонда халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича миллий кенгаш ташкил этилади. Кенгашга Шавкат Мирзиёев раислик қилади

Сақлаш
10:34 / 07.02.2022 930 0

Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни «Халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармойишни имзолади. Бу ҳақида ЎзА хабар қилди.

 

Унга кўра, халқ таълими тизимини янада ривожлантириш, соҳага доир янги ташаббусларни илгари суриш ва уларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва тарбия сифатига бевосита ва билвосита таъсир қилиши мумкин бўлган масалаларни ҳал қилиш мақсадида миллий кенгаш ташкил этилади.

 

Ушбу кенгаш раиси сифатида Шавкат Мирзиёев, кенгаш раиси ўринбосари сифатида бош вазир Абдулла Арипов белгиланди. Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов эса кенгаш котиби бўлади.

 

Кенгаш олдига бир қатор муҳим вазифалар юклатилади. Хусусан, миллий таълим тизимини йўлга қўйиш, дарслик ва ўқув қўлланмаларини замон талаблари асосида такомиллаштириш ҳамда уларнинг янги авлодини яратиш, ўқув дастурларини илғор хорижий тажриба асосида оптималлаштириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш шулар жумласидан.

 

Шунингдек, ўқитувчи касбининг мақоми ва обрўсини кўтариш, уларнинг моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватланишини таъминлаш, самарали меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратишга кўмаклашади.

 

Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасалари бино ва иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш ва мониторингни олиб бориш, мазкур ишларда замонавий технологиялар, энергия тежамкор материаллар қўлланилишини таъминлаш каби вазифаларни бажариш кенгашнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//