Қўқонда II Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик кўрилмоқда

Сақлаш
14:57 / 04.02.2022 969 0

Қўқон шаҳри жорий йилда II Халқаро ҳунармандчилик фестивалига мезбонлик қилади. Айни кунларда бу ерда нуфузли тадбирга тайёргарлик ишлари бошланган бўлиб, кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

 

– Иккинчи бор ўтказилаётган халқаро ҳунармандчилик фестивали барча халқларни бирлаштирадиган дўстлик ва ҳамжиҳатлик байрами бўлади, – дейди Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов. – Фестиваль ва Туркий Кенгаш давлатлари туризм вазирлари учрашувларига тайёргарлик доирасида алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, 64 миллиард сўм маблағ йўналтирилмоқда. Дастур доирасида тарихий обидаларни таъмирлаш ва реставрация қилиш, уларга олиб борадиган туризм маршрутларидаги йўлларни таъмирлаш, тунгги ёритиш тизимлари, сув, оқава, электр тизимларини янгилаш назарда тутилган. Хусусан, Адабиёт музейи олдидаги Истиқлол кўчаси, Муқимий ҳужра музейи ва Ҳамза уй музейига олиб борувчи Тароқчилик кўчалари таъмирланади. 15 та кўчада қўшимча иллюминациялар ўрнатилиши режалаштирилган.

 

 

Айни пайтда Истиқлол, Шароф Рашидов кўчаларида 1 минг 900 метр узунликдаги йўлларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, шу кунга қадар 2 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Янги Чорсу, Фурқат кўчаларида 2000 метрдан зиёд электр тизимлари ер остига олинди. 15 та кўчада зиёрат туризми объектларини ривожлантириш мақсадида 14 та обида танлаб олиниб, Ялонғоч ота, Қирқ кокилли ота каби зиёратгоҳларини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

 

Шаҳарнинг марказий кўчаларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Икки мингдан зиёд эман, лола, каштан, оқ қайин, ҳинд сирени каби дарахт ва буталар экилмоқда. Худоёрхон ўрдаси, Жомеъ мажмуаси, Норбўтабек, Дастурхончи, Миён Ҳазрат мадрасаларини жорий таъмирлаш ишлари бажарилади. Даҳмаи Шаҳон мақбараси Қўқон маданий қўриқхонаси таркибига кирувчи Тепақўрғон мажмуасида Ашурали Зоҳирий музейини ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 

Фестивалга иқтидорли ҳунармандлар ва истеъдодли ёшларни жалб қилиш мақсадида жойларда “Мен Қўқонга бораман” шиори остида икки босқичдан иборат кўргазма ва кўрик-танлов ўтказилади. Шунингдек, хорижий ҳунармандлар, соҳа олимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади, халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//