Жамият
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида Андижон вилоятидаги мактабларда кечаси ҳам ўқувчи ва уюшмаган ёшларнинг вақтини мазмунли ташкил этиш учун тўгарак ва бошқа тадбирлар ташкил қилиш учун ўқитувчилардан эрталабдан кечки соат 22:00 га қадар мактабда бўлиш талаб қилинаётгани ҳақида ёзди.
«Кечаси нима қиларини билмай юрган ўқитувчи ва ёшлар бу шароитдан жуда «бахтиёр» бўлишса керак. Майли жиддий бўлайлик: бу кўзбўямачиликлар кимга, нима учун керак ўзи, тушунтирадиган борми?», дея мурожаат қилган депутат мутасаддиларга.
Daryo.uz сайтининг ёзишича, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азизбек Миркомилов депутатнинг танқидларига изоҳ берган.
Маълум қилинишича, таълим муассасаларидаги тадбирлар давлат раҳбарининг мактаб таълимини ривожлантиришга бағишланган видеоселекторида берган топшириғига асосан маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда мактаб маъмурияти билан ташкил этилмоқда.
«Маълумки, 2022 йилнинг 28 январь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида мактаб таълимини ривожлантиришга бағишланган селектор йиғилиши ўтказилди. Унда маҳалларда жойлашган таълим муассасаларида аҳоли, айниқса, уюшмаган ёшлар учун мушоира кечалари, спорт тадбирлари ва маънавий-маърифий учрашувларни ўтказиш бўйича топшириқ берилганди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар ва туман Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда халқ таълими бўлимлари ҳамкорлигида махсус жадваллар ишлаб чиқилган бўлиб, шунга асосан ҳар куни таълим муассасаларида соат 18:00 дан 22:00 га қадар турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Тадбирлар маҳалла етакчилари ва мактаб маъмурияти ҳамкорлигида ташкил этиляпти. Мактаб директорларига тадбирларга умуман ўқитувчиларни жалб қилмаслик талаб қилинмоқда. Агарда қайси бир директор ўқитувчиларни мажбурласа, унга нисбатан тегишли чора кўрилиши таъминланади. Ижтимоий тармоқларда тарқатилган ўқитувчилардан мактабда эрталабдан кечки 22:00 гача бўлиш талаб этилаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз», — деган Азизбек Миркомилов
Шунингдек, у Facebookдаги саҳифасида ҳолатга муносабатини билдириб, ўқитувчиларга ўз мурожаатини йўллаган.
Ҳурматли ҳамкасблар, ташкил этилаётган барча тадбирлар учун ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бироқ орамизда, бунга ўқитувчилар мажбурланяпти, деб жар солаётган айрим дўстларимиз ҳам борлиги очиғи мени қувонтирди. Чунки иш бор жойда, албатта, камчилик, турли зиддиятлар ва қарашлар бўлади. Ўша дўстларимизга савол «Сиз нимани ҳисобига асосланмаган хабарларни тарқатмоқдасиз? Онлайн дарсни ёки бирон ўқувчини ўзлаштириш жараёнини виждонан назорат қилдингизми? Сизларга иш бўлмасдан фақат гап ташиб, ғийбат қилсангиз... Қани эди таълим сифатига ҳам ана шундай фидойилик билан ёндашсангиз, Андижон таълими юксалармиди? Иш қилмасдан гуруҳлардаги расмларни кимларгадир ташлаб бериб нима фойда кўрасиз?
Ўзингизнинг ишингизни уддалай олмасангиз ҳеч бўлмаса ишлаганларга халақит бермай туринг. Тадбирлар маҳалла етакчилари ва мактаб маъмурияти томонидан ташкил этиляпти. Виждонли ва диёнатли ўқитувчиларимиз эса ўқувчиларининг ўзлаштириши билан банд. Уларга бошим ерга теккунча таъзимдаман. Камчилик излаётган айрим бекорчиларга эса (устоз дейишга тилинг бормайди) инсоф тилаб қоламан. Группалардаги расмларни ташлашда давом этинг.
Барча умумтаълим мактаблари директорлари маҳалладаги ёшлар етакчиларига қанот бўлинг, уларга ёшлар билан ишлашни ўргатиб мактабларимизни ҳақиқий маънавият ва маърифат ўчоғига, зиё масканига айлантиришда ҳеч ҳам чарчаманглар. Спорт зал ва майдонларимиз, компьютер хоналари доимий ёшлар билан гавжум бўлсин. Сизлардан янги ҳафтада янги ғоя ва ташаббусларни кутиб қоламан.
Азизбек Миркомилов, Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи
Халқ таълими бошқармаси ахборот хизматининг маълум қилишича, белгиланган тадбирларни ўтказилишида ёшлар етакчилари, маҳалла фуқаролари йиғини раислари билан ўзаро ҳамкорликда намунали иш ташкил қилган мактаб раҳбарлари бошқарма бошлиғи томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда бир марталик пул мукофоти билан тақдирлаш йўлга қўйилади.
Жамият
Жамият
Илм-фан
Илм-фан
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
Изоҳ йўқ