Паркент тумани ҳокимлиги қадимий ёдгорликни ғишт цехи ташкил этиш учун учун сотиб юборди

Сақлаш
16:45 / 02.02.2022 1336 0

Тошкент вилоятидаги «Тепа (Култепа)” археология ёдгорлигига тегишли 2 гектар ер майдони ҳудуди Паркент тумани ҳокимлиги томонидан амалдаги қонунчилик талабларига зид равишда аукцион савдолари орқали «У.Қ.Б» МЧЖга хом ғишт ишлаб чиқариш цехи ташкил этиш учун бериб юборилган. Бу ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

 

Аниқланишича, мазкур археология ёдгорлиги Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий Рўйхатига киритилган. Давлат мулки ҳисобланган ушбу объект Тошкент вилояти маданият бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилган.

 

Кейинроқ, археология иншоотини «У.Қ.Б» МЧЖ раҳбарлари қонунчилик талабларига зид равишда тадбиркор «У.М.П.» МЧЖга сотиб юборган. Ушбу тадбиркорлик субъекти ҳам ўз навбатида, бу объектда хом ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.

 

Мазкур цех учун хом-ашё, яъни тупроқ маҳсулотини етказиб бериш мажбуриятини «У.Қ.Б» МЧЖ ўз зиммасига олган. Тупроқ эса, ушбу археология иншооти ҳудудидан қазиб олинган. Оқибатда, бу тарихий иншоотга катта миқдорда зарар етказилган.

 

Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатдан хабар топган Тошкент вилояти моддий мерос бошқармаси 2020 йилда етказилган зарарни айбдор шахслардан ундириш, мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш, туман ҳокимининг қарори ва олди-сотди шартномасини бекор қилишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мутасадди идораларга мурожаат қилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари раҳбарларига огоҳлантириш хатлари ҳам берилган. Шунга қарамасдан, МЧЖ масъуллари фаолиятини давом эттириб келган.

 

Ушбу ҳолат бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий археология маркази мутахассислари ҳамда ҳудудий давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари ўрганиш ишларини олиб борган. Ушбу археология объекти эрамизнинг I-IV асрларига оид бўлиб, кўчманчи чорвадорларга тегишли қабристон ёдгорлиги экани аниқланган.

 

«Дастлабки маълумотларга кўра, «У.М.П.» МЧЖ мансабдор шахслари томонидан «Тепа (Култепа)” археология ёдгорлиги ҳудудида хом ғишт ишлаб чиқариш ва қазилма ишлари олиб борилиши натижасида маданий мероснинг объектига 1,5 трлн. сўм миқдорида моддий зарар етказилган», дейилади хабарда.

 

Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил декабрь ойида Тошкент вилоят прокуратураси томонидан «У.М.П.» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 132-моддаси 2-қисми, 205-моддаси 2-қисми «а» банди ва 207-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//