Бухорода мадраса ҳудуди қўйхонага айлантирилгани айтилди

Сақлаш
18:53 / 27.01.2022 882 0

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳридаги «Чор Минор» мадрасаси ҳудуди қўйхонага айлантирилгани айтилган видеохабар тарқалди. Вилоят маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати ушбу хабарлар ёлғон эканини маълум қилди.

 

Ҳолат ўрганилганида «Чор Минор» мадрасаси ва унинг атроф ҳудуди айни пайтда тоза сақланаётгани, ҳеч қандай қўйхона ва қўйлар мавжуд эмаслиги ҳамда блогер томонидан бу жойнинг бугунги ҳолатига мутлақо тескари бўлган нотўғри маълумотлар тарқатилганлиги маълум бўлган.

 

«Чор Минор» мадрасаси жойлашган «Алишер Навоий» МФЙ раиси Шаҳноза Камолованинг айтишича, у 2,5 йилдан буён шу маҳаллада ишлаб келмоқда ва шу даврда бу жойда қўйхона бўлмаган. Шу билан бирга бу ҳудуднинг тозалиги ва тартибли сақланиши бўйича маҳаллада яшовчи фуқаро Мансур Сафаров масъул этиб бириктирилган. Маҳалла раисининг сўзларини маҳаллий аҳоли ҳам тасдиқлаган.

 

 

«Бундан ташқари, блогер Тимур Саттаров тасвирга олган видеосида ўзи ҳам кўриниш бермаган ва тарқатган хабарлари натижасида «Чор Минор» мадрасасининг нуфузига салбий таъсир этиш билан бирга, шу жойда яшовчи аҳолининг қадр-қимматини оёқ ости қилувчи шахс сифатида халқимизнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқармоқда.

 

Маълумки, қонун ҳужжатларида ҳар қандай асосланмаган туҳмат ва бўҳтон, маълумот ҳамда хабарларни тарқатишга сабабчи бўлган шахсларга нисбатан тегишли таъсир чоралари кўрилиши белгиланган», дейилади муносабатда.

 

Шунингдек, видеодаги ҳолат анча йиллар олдин содир бўлгани, ҳозирда ҳудудда ҳеч қандай қўйхона ёки қўйлар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//