Республика таълим маркази директори география фани соатлари қисқартирилиши юзасидан тушунтириш берди

Сақлаш
00:07 / 25.01.2022 1152 1

«География» фани дарс соатларининг қисқартирилиши борасида билдирилаётган эътирозларга Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов муносабат билдирди.

 

Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов 21 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманидан сўнг уни кутиб турган география ўқитувчилари билан учрашганини маълум қилди.

 

“...Брифингдан чиқсам, Навоий 30 кираверишида бир гуруҳ география фани устозлари мени кутиб туришган экан. Уч-беш йиллик иш тажрибасига эга, аксари ёш йигитлар. Бировлари узоқ вилоятдан келишибди.

 

Кимдир уларга сизларга киришни тақиқлашди, дебди. Эшитиб бироз хижолат бўлдим, ғашландим. Устозларни олиб, Республика таълим марказига келдик.

 

География фани билан боғлиқ ўзгариш ва муаммоларни очиқчасига гаплашдик. Улар фан тақдиридан хавотирда эканликларини билдиришди. Мен эса биргаликда жамоа бўлиб ишлашни, фаннинг жозибадорлигини ошириш йўлида бизнинг экспертларимиз бўлишни таклиф этдим. Уларни қийнаётган масалаларни биргалашиб ҳал қиладиган бўлдик», деган у.

 

Шуҳрат Сатторов «Фанни йўқ қилмоқчимасмиз, муаммонинг илдизи бошқа ерда», дея таъкидлаган.

 

«Қачонлардир мактаб таълими учун фанлар соатлари тақсимланганида «пирог» тахминлар ва ички сезги асосида бўлинган. Бунда тадқиқот ёки тажрибага асосланилган эмас. Ундан кейин эса турли идора ва қарорлар аралашуви билан керак-керакмас фанлар «туғила бошлади». Фанлар кўпайди, такрор ва нафсиз мавзулар кўпайди. Бундан айримлар манфаатдор ҳам бўлишган.

 

«Очко тўплаш», ҳужжатларни «ёпиш» ортидан мактаб билан бирга бутун бошли уч авлод қурбон бўлаётгани ҳеч кимни қизиқтирмаган. Устига-устак, эскича методика, эллик йиллик ёндашув ва контент янги авлод учун бамисоли жазо эди. Мактаб тобора зерикарли маконга айланди, болалар ундан том маънода зерика бошлаган эди. Аммо азбаройи диплом орзусида улар далил ва рақамларни ёд олишар, ҳаётда эса ўрганганларини ишлатишмасди.

 

Ана шундай бир пайтда Халқ таълими вазирлиги олдига Шавкат Мирзиёев жозибадор таълимни яратиш, дастур, дарсликлар ва методикани янгилаш вазифасини қўйди. Олдимизда стандартларни янгилаш, дастур мавзуларини замонавийлаштириш ва тартиблаш, фанларни ва 11 йиллик ўқув юкламасини камайтириш вазифаси турибди.

 

Мақсад йўлида деярли ярим минг нафар инсон жипслашди. Уларнинг аксарияти ўқитувчилар – энг яхши, энг фидойилари.

 

Биздан янгилик кутишгани учун жаҳоннинг энг яхши тажрибалари асосида дастур ва дарсликлар тайёрланмоқда, ўзгаришлар қилинмоқда. Улар эҳтимол сизга ҳозир сезилмаётгандир, аммо таълимда бу учун камида беш-олти йил керак. Мавзулар тартибланганда ва таҳрирланганда айрим фан соатларида ўзгаришлар бўлди.

 

Соат – ўқитувчиларнинг нозик нуқтаси. Чунки унинг ризқ-рўзи соатда, уйининг баракаси – соатда. Саноқли давлатлар қаторида Ўзбекистон ҳам ўқитувчиларга дарс соатига қараб ойлик тўлайди. Йиллар давомида соатлар кетидан, рақамлар кетидан чопдик, сифат ўз ҳолича ташлаб қўйилди. Бугун англаяпманки, ўқитувчилар ойлиги соат билан боғланар экан, ўзбекистонлик ўқувчиларни кераксиз фанлардан, оғир ўқув юкламасидан халос қила олмаймиз», дейди у.

 

Марказ директори ўзгаришларни нотўғри талқин қилаётганларга мурожаат этган.

 

«Бугун ислоҳотларни нотўғри талқин этаётганларга шуни айтмоқчиманки, бугун биз ўзгаришлар қилаётган мактабларда ўзимизнинг ҳам фарзандларимиз ўқийди. Шу сабабли ҳар қандай қарор ортида шахсий ҳушёрлик ҳам туради. Бугунги ўзгаришлар ўқувчиларимизга кечагидан юз чандон фойдали эканига ишончим комил. Фарзандингиз сиз каби ҳаётдан хафа, омадсиз бўлиб улғайишини истамасангиз, бизга сиз ўқиган зерикарли ва фойдасиз таълимни ўзгартиришга ёрдам беринг. Ҳеч бўлмаса, халақит қилманг!» дея таъкидлаган у.

1 Изоҳ

Dilafruz

12:01 / 01.01.1970

Balki biz o'qituvchilar dars soatlarimiz uchun ham qaysidir ma'noda bu yangiliklarni hazm qilmayotgandirmiz, lekin eski geografiya o'quv dasturimi yoki yangi yaratilayotgan yangi darslik va dasturlarmi menimcha yuragida haqiqiy yurt kelajagiga yaraydigan insonlarni tarbiyalsh o'sha eski dasturda ham vijdoni bor o'qituvchi uchun muammo bo'lmagan o'sha paytda ham ular asil mevani bergan . Ammo minglab yangi dastur yaratilmaydimi nomiga ishlaydigan o'qituvchi baribir o'sha sozda ishlab natija bermaydi. Usti yaltiroq ichi qaltiroq maktablar......, maktabdagi tadbirlar...., o'tilayotgan essiz qanchadan qsncha darslar.... bularni davolash uchun dasturlarni emas o'zimizni vijdonimizni ko'zguga qarab davolashimiz kerak. Yana ham noumid shayton zora ish berib qolsa....

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//