Маданият
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон 1952 йил 20 январда Самарқанд шаҳри яқинидаги Чордара қишлоғида туғилган. Шоирнинг «Шаҳардаги олма дарахти», «Тунги боғлар», «Учиб бораман қушлар билан», «Тўмариснинг кўзлари», «Болаликнинг овози», «Қақнус», «Баҳордан бир кун олдин», «Бибихоним» сингари китобларига киритилган шеърлар халқимизнинг севимли асарлари қаторидан жой олган.
Бугунги кунда Хуршид Давронни ўзбек шеъриятида ўз сўзига эга ўнлаб ёш шоирларнинг устозига айланган десак, янглишмаймиз. Кеча 20 январь куни шоирнинг 70 йиллик юбилейи ижтимоий тармоқларда байрамга айланди. Ўнлаб ўзбек ижодкорлари самимий, катта сўзли, аммо камтарин шоирга табрик йўллади.
Муроджон Азимов, Қашқадарё вилояти ҳокими:
Ҳурматли Хуршид Даврон!
Сизни муборак 70 ёшингиз билан шахсан ўзим, қолаверса, бутун қашқадарёликлар номидан муборакбод этаман.
Сиз менинг севимли адибларимдансиз. Сизнинг “Қадрдон қуёш”, “Шаҳардаги олма дарахти", "Тунги боғлар”, “Учиб бораман қушлар билан”, “Тўмариснинг кўзлари”, “Болаликнинг овози”, “Қақнус”, “Баҳордан бир кун олдини” сингари шеърий тўпламларингизни зиёлилар,барча шеърият мухлислари севиб мутолаа қилишади.
Самарқанд хаёли”, “Соҳибқирон набираси”, “Шаҳидлар шоҳи” каби тарихий-маърифий қиссаларингизда эса шонли ўтмишимизга хос лавҳалар юксак бадиий маҳорат билан тасвирланган.
Сиз адабиётга кириб келаётган ёш қаламкашларнинг чинакам устозисиз! Бой маънавий дунёни ўзида мужассам этган интернет сайтингиз айни вақтда машҳур виртуал масканга айланган ва мен ҳам ундан доимий равишда фойдаланиб келаман.
Кадрли, Хуршид ака!
Азиз бошингиз омон бўлсин! Сизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, ижодингизга улкан муваффақиятлар тилайман.
Фахриёр, шоир:
Бугун миллатимизнинг улуғ шоири ва алломаси, адабиётимизни интернет оламида тарғиб қилишдан чарчамаётган устоз Хуршид ака 70 ёшга тўлди.
Муборак бўлсин!
Узоқ умр ва гўзал асарлар илҳомини тилайман.
Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, ёзувчи:
Атоқли ва севимли шоиримиз Хуршид Даврон ака халқимизга гўзал шеърлари билан хизмат қилди, теран илми билан хизмат қилди, кўплаб шогирдлар етиштириб ижтимоий фаоллиги билан хизмат қилди. Энди шогирдлари, мухлислари ардоғида лўла болишга ёнбошлаб, ҳаёт гаштини сурса ҳам биров бир нарса дея олмайди. Лекин Хуршид ака тингани йўқ. Интернет даври бошланиб, маърифат улашишнинг замонавий имкониятлари пайдо бўлиши билан фб.да "Хуршид Даврон кутубхонаси"ни ташкил этиб, унча-мунча ёшлар хафсала қилмайдиган ишни бошлади – адабиётнинг чинакам тарғиботчисига айланди.
Холислиги шу қадарки, нафақат улуғларимиз, нафақат тенгқурлари ва укаларининг ижодини қадрлади, балки йилт этган ёш истеъдод кўринса, кўздан қочирмади, таниса-танимаса икки оғиз меҳрли сўз билан бошини силади, асарларини кутубхонасига жойлади. Бугун адабиёт оламида "Хуршид Даврон кутубхонаси"нинг обрўси баланд. Обрў-эътиборига яраша талаби ҳам юксак. Бугун асари бу кутубхонадан жой олишини орзу қилмаган ижодкор йўқ деса бўлади. Эълон этилса, буни ўзига шараф деб билади ҳар ким! Хуллас, 70 ёшингиз қутлуғ бўлсин, ака! Бахтимизга соғ-омон бўлинг! Оллоҳдан сизга хайрли, баракали, узун умр тилайман!
Нодира Афоқова, шоира:
Халқ шоири Хуршид ДАВРОНга
Қип-қизил қуёшдай
Қонаган юрак
Бўғзига тиқилар, чиқар отилиб,
Тонгдай отар шоир хўрлик тунида,
Жигар ранг қонлардан оқ нурлар эшиб.
Ёғдудан яралгандир асл шоирлар.
Шамолдай эсар у
Бўғилган жонлар
Қақшаса бир ютум ҳавога зор-зор.
Бир ютум нафасдай,
Бир тоза нафас.
Кўз ёшларни артар,
Супурар шўрин,
Ҳаводан яралган асл шоирлар.
Нохуш бир башорат,
Қўрқинч, алағда
Тушларни айтарлар титраб жонлари,
Пичирлаб айтарлар.
Ёлвориб, умидвор.
Узоқ-узоқларга олиб кетар у,
Беминнат дарёдай.
Куюк дарёдай.
Куйга айлантирар,
Гулга айлантирар,
Дурга айлантирар тушларингизни.
Сувдан яралгандир асл шоирлар.
Боғлар улғаяжак қучоқларида,
Тоғлар улғаяжак қучоқларида,
Маъданлар етилар қаватма-қават.
Ҳар бир заррасида ҳаёт ва қудрат,
Заминдай тўшалар,
Тупроқдан яралган асл шоирлар.
Тангрининг элчиси,
Одамнинг асл фарзанди –
Шоирлар.
Жавлон Жовлиев, ёзувчи:
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ҳаётимда муҳим ўрин тутадиган шахс – устоз – профессионал ижодкор. Шу инсон туфайли кўп нарсалар ўргандим, китоблар ўқидим, ёздим. Ҳали ҳеч ким тан олмаган пайтларда, ёзиш учун чексиз куч топмоқ зурур онларда машқларимнинг чоп этилишига ишонч берган, умид берган инсон, бу ёруғ умиднинг ёшлар учун нақадар қимматлигини адабиёт – ҳаёт, дея тонг оттирадиган инсонлар яхши билади.
Кўп редакцияларнинг шундоқ ҳам тор хонаси муҳаррирларнинг кибрли нигоҳи билан тўлганда, ё умуман эшигини кўзга таниш бўлмаган, бегона, урфдаги сўз билан айтганда – янги ёшлар учун очилмайдиган қилиб ёпганда, муҳаррирларнинг фаҳм қайчилари ва танловлари “ишдан кетмаслик”, “тепага яхши кўриниш” , "анъаналарга кўр-кўрона содиқлик" ғоялари билангина чегараланганда, ҳар қандай янги фикр бўғизланаётган бир маҳалда http://kh-davron.uz сайти биз ёшларга эркин ижод ва фикр майдони бўлди.
Хуршид ака машқларимизнинг "қўл"идан тутди, қўллади, натижада биз ҳам ишондик "уларга". Мен шу сайтда чиқиш учун ҳикоялар ёздим, бошқа жойни орзу қилиб эмас, мен учун бу ерда чиқаётган ҳар бир асар жуда-жуда қизиқ эди, ҳаммасини мароқ билан ўқирдим, кўп нарса ўргандим, кейинчалик унда ҳикояларимнинг кўриниши ажойиб эди, сайтга “қидирув” бериб, уларни топиш, яна топиш, яна қидириш – ёшлик ҳаваслари билан гўла эди бари. Кейин кенг йўллар очилди...лекин ҳамон бу “маскан”нинг ўрни бўлак...азиз ва унутиб бўлмайдиган даражада қалбнинг тўрида ёниб туради. Кўп суҳбатлар қурдик устоз билан, доим эшиги ёшлар учун очиқ, бизни ёзишга, тарихни ўрганишга ва англашга, уни адабиётга "олиб ўтиш"га ундади, миллат ва ватан тақдири учун бепарво бўлмасликка чақирди. Булар ҳақида кўп ёзамиз ҳали, жуда кўп ёзамиз...Хуршид ака ўзбек адабиётига шубҳасиз янги ниҳоллар қадади, уларни асради, парваришлади... Бу бир боғ бўлажак, Худо хоҳласа, бир боғ бўлажак...
Жонтемир, шоир:
Хуршид Даврон ҳозир деярли йўқолиб кетаётган табиат шоири! Охирги йигирма йилликда ёппасига руҳиятга мурожат қилишга ўтиб кетган шеъриятимиз Хуршид Даврон лирикаси, пейзажи, табиат тасвирларига муҳтож! Буни тушунадиган валломат йўқми?! Тағин бирорта катта ижодкор Ўзбекистон ёш ижодкорларини Хуршид Даврончалик яхши билмайди! У киши билан пойтахт, вилоятларда тинмай учрашувлар қилиш, иложи борича кўпроооқ нарса олиб қолиш керак. Ғиж-ғиж тарих ётибди бу шоирнинг ичида! Ғиж-ғиж илм... Умрлари узоқ бўлсин.
Нозима Ҳабибуллаева, шоира:
Ўзбек адабиётига қадамба-қадам келаётган кўплаб ёш ижодкорларнинг талпинган устозисиз. Ёшларни сиз каби бу қадар севувчи, қўллаб қувватловчи, жонкуяр катталарни учратмаган эдим. Сиз билан бўладиган суҳбатларнинг ўзи бир китоб. Айни пайтда саҳнадаги минбарлар эмас "Хуршид Даврон кутубхонаси" да чиқиш ижодкорларнинг том маънодаги минбарига айланганини кўпчилик яхши билади. Меҳрингиз, самимиятингиз, борлигингиз учун катта раҳмат, устоз. Умрингиз узоқ бўлсин! Дунёдаги жамики яхши тилакларни йўллайман!
Oyina.uz жамоаси ҳам севимли шоиримизни таваллуд айёмлари билан табриклайди! Ҳали кўп асарлар, гўзал шеърлар, бебаҳо китоблар кутиб қоламиз сиздан! Умрингиз узун бўлсин!
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
Спорт
Жамият
Жамият
Жамият
Жамият
//
1 Изоҳ
Раҳматулло
12:01 / 01.01.1970
Яхши фикрлар билдирилган лекин ҳеч ким тўлақонли бир мақола ёзмапти. шоирнинг бутун ижодини символистик,акмеистлик,футуристик жиҳатдан қамраб оладиган ёзмалар бўлганда эди,ажойиб бўларди.