Чиқиндиларни утилизация қилиш шартларини бажармаган қурилиш объектлари қабул қилинмайди

Сақлаш
18:51 / 30.04.2026 9 0

Бугун, 30 апрель куни Шавкат Мирзиёев табиатни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

 

Тақдимотда экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳолати таҳлил қилинди. Қайд этилганидек, 2024 йилда 47 мингдан зиёд маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 2025 йилда улар сони 59 мингдан ошган. Амалдаги тартибда жарималар миқдори етказилган экологик зарарга мутаносиб эмаслиги сабабли баъзи корхоналар учун ҳуқуқбузарликни бартараф этишдан кўра, жарима тўлаб, фаолиятни давом эттириш қулайроқ бўлиб қолмоқда.

 

Шу боис, юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қайта кўриб чиқиш, уларни табиатга етказилган зарар миқдорига боғлаш ва халқаро амалиётга яқинлаштириш таклиф этилди. Жумладан, дарё ўзанларидан норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш, сув ресурсларини ифлослантириш, дарахт ва буталарни ғайриқонуний кесиш, атмосфера ҳавосига белгиланган меъёрдан ортиқ ташламалар чиқариш, қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишига йўл қўйиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларда ёқиш каби ҳолатлар учун таъсирчан молиявий чоралар жорий этиш кўзда тутилган.

 

Бу жараёнда маъмурий жарима ва табиатга етказилган зарар учун компенсация тўловини ягона молиявий санкцияга бирлаштириб, корхона айбини тан олган ҳолатларда уни Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан қўллаш, низоли ҳолатларда эса масалани суд тартибида кўриб чиқиш ва ҳал этиш тартибини жорий қилиш таклиф қилинди.

 

Тақдимотда Угом дарёсининг табиий мувозанатини тиклаш ва унинг ноёб табиий меросини сақлаш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

 

Угом дарёси ва унинг ҳавзаси Угом-Чотқол миллий табиат боғи таркибидаги муҳим экологик ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда ўнлаб ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турлари, шу жумладан, Қизил китобга киритилган турлар мавжуд. Дарё Чирчиқ ҳавзасининг сув таъминотида ҳам муҳим ўрин тутади.

 

Таҳлилларга кўра, кейинги йилларда Угом дарёсида сув сарфи камайиб, сув сифатига таъсир этувчи омиллар кўпайган. Бу ҳолат қирғоқларнинг емирилиши, фауна ва ўсимлик дунёсига салбий таъсир кўрсатиши, биохилма-хиллик қисқариши хавфини оширмоқда.

 

Шу боис, Угом дарёси ва унга туташ ҳудудларни давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш, соҳилбўйи ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида табиий гидрологик тизимга таъсир кўрсатувчи қурилиш ва ер ишларини чеклаш таклиф этилди. Шунингдек, сув муҳофаза зоналаридаги объектларни хатловдан ўтказиш, уларнинг сув сифати ва биофаунага таъсирини баҳолаш вазифалари белгиланди. Экологик талабларга жавоб бермайдиган фаолиятларни тўхтатиш ёки бошқа жойга кўчириш масаласи кўриб чиқилади.

 

Қолаверса, дарёнинг гидрологик ва экологик ҳолатини барқарор ривожлантириш бўйича «Угом дарёси экотизимини яхшилаш» мастер режасини ишлаб чиқиш, соҳилбўйи ва муҳофаза зоналарида ер деградациясининг олдини олиш учун дарахт ва буталар экиш кўзда тутилган.

 

Чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги ишлар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. 2025 йилда санитар тозалаш хизмати қамрови маҳаллалар кесимида 88 фоизга етди, соҳага махсус техникалар, мотороллерлар ва контейнерлар етказиб берилди, 132 та полигон атрофи кўкаламзорлаштирилди, 47 та полигон фаолияти тўхтатилди.

 

Жорий йилда санитар тозалаш корхоналарига қўшимча махсус техника ва контейнерлар етказиб бериб, қамровни 90 фоизга етказиш, 18 та полигонни рекултивация қилиш, 2030 йилга бориб, полигонлар сонини 50 фоизга қисқартириш режалаштирилган.

 

Чиқиндиларни қайта юклаш станцияларини қуриш орқали логистика харажатларини камайтириш, саралаш ва қайта ишлаш ҳажмини ошириш, полигонларга тушадиган юкламани қисқартириш муҳимлиги таъкидланди. 2026 йилда 28 та, 2030 йилгача эса 70 та қайта юклаш станциясини қуриш кўзда тутилган.

 

Маиший чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларининг бориши тўғрисида ҳам ахборот берилди. Умумий қиймати 933 миллион доллар бўлган 6 та заводни қуриш ишлари Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида амалга оширилмоқда. Бу заводлар ишга тушгач, йилига 3,6 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланиб, 1,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Кейинги босқичда 633 миллион долларлик яна 5 та завод қуриш билан боғлиқ ишларни бошлашга кўрсатма берилди.

 

Хавфли чиқиндиларни бошқариш бўйича МДҲ ҳудудида илк интеграциялашган платформа яратиш таклиф қилинди. Навоий вилоятида амалга оширилиши режалаштирилган мазкур инвестиция лойиҳаси доирасида хавфли чиқиндиларни лабораторияда тавсифлаш, махсус полигон ташкил этиш, чиқиндилардан РДФ ёқилғи ишлаб чиқариш, физик-кимёвий ва термик қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш назарда тутилган.

 

Лойиҳа қиймати 260 миллион доллар бўлиб, йилига 330 минг тонна хавфли чиқиндини қайта ишлаш қуввати яратилади. Унинг амалга оширилиши экологик барқарорликни таъминлаш, янги стандартлар ва илғор технологияларни жорий этиш, маҳаллий кадрларни тайёрлашга хизмат қилади.

 

Қайд этилганидек, 2017 йилда қурилиш чиқиндилари ҳажми 1,2 миллион тоннани ташкил этган бўлса, 2025 йилда 1,9 миллион тоннага етган.

 

Шу муносабат билан қурилиш чиқиндиларини «ҳосил бўлишдан утилизациягача» бўлган жараёнини тўлиқ назорат қиладиган рақамли платформа яратиш, чиқиндилар ҳаракатини ГПС орқали реал вақт режимида кузатиш, полигонларда саралаш ва қайта ишлаш комплексларини ташкил этиш таклиф этилди.

 

Шунингдек, қурилиш объектларини қабул қилишда чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича шартнома шартлари бажарилганини мажбурий талаб сифатида белгилаш, ноқонуний ташлаш ҳолатларини фото ва видео қайд этиш орқали аниқлаш ҳамда жавобгарлик чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда.

 

Тақдимотда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини сақлаш бўйича лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, «Фарғона» миллий табиат боғи таркибидаги «Ёзёвон» табиат ёдгорлиги ҳудудини муҳофаза қилиш, дендрологик боғ ташкил этиш, кузатув миноралари, махсус дронлар ва рақамли мониторинг тизимлари орқали назоратни кучайтириш режалаштирилган.

 

Ушбу ҳудудда ташриф маркази ташкил этиш, пиёда сайр маршрутлари, қушларни кузатиш майдонлари, фото ва панорама нуқталари, илмий-маърифий экскурсиялар йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда.

 

Шунингдек, Шунингдек, «Овжазсой – Мовий тоғлар» миллий табиат боғи ҳудудида ҳам экологик туризмни ривожлантиришга қаратилган объектлар барпо этиш таклифлари кўриб чиқилди. Бунда табиий манзаралар ва тоғ экотизимларини асраб-авайлаган ҳолда сайёҳлар учун қулай инфратузилма яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Тақдимотда жорий йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган «ЭCО ЭХПО Cэнтрал Ациа 2026» халқаро кўргазмаси ва Глобал экологик жамғарманинг 8-Ассамблеясига тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 

Глобал экологик жамғарма 186 та иштирокчи давлатни бирлаштирган йирик халқаро молия институти бўлиб, Ўзбекистон унга 1995 йилда қўшилган. Ассамблеянинг Самарқандда ўтказилиши Европа, Кавказ ва Марказий Осиё минтақасида илк бор ташкил этилаётган йирик экологик анжуман бўлади. Тадбирда 186 давлатдан 2,5 минг нафар иштирокчи, 40 та донор давлат, 50 дан зиёд нуфузли табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва халқаро экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.

 

«ЭCО ЭХПО Cэнтрал Ациа 2026» кўргазмаси эса маҳаллий саноат, ҳокимликлар, халқаро молия институтлари, инновацион «яшил» технологиялар провайдерлари ва инвесторлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Давлат раҳбари тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида назорат ва жавобгарликни кучайтириш, чиқиндиларни бошқаришда замонавий тизимларни жорий этиш, сув ресурслари ва биохилма-хилликни асраш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни илмий асосда ривожлантириш бўйича аниқ топшириқлар берди.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//