Қурбон ҳайити муносабати билан эҳтиёжманд оилаларга қўшимча маблағ ажратилади

Сақлаш
22:29 / 21.05.2026 11 0

Шавкат Мирзиёев 21 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

 

Президент суҳбат бошида Макка шаҳрида бўлиб турган барча юртдошларни Қурбон ҳайити билан табриклаб, уларнинг юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида қилаётган дуолари қабул бўлишини тилади.

 

Таъкидланишича, кейинги йилларда ҳар йили 15 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик Ҳаж сафарига бормоқда. Шунингдек, бу йил илк бор 100 нафар меҳнат фахрийси, маҳалла фаоли, нуроний ҳамда кам таъминланган оилалар вакиллари давлат ҳисобидан Ҳаж сафарига юборилди.

 

Давлат раҳбари ҳожиларнинг саломатлиги ва ибодатларни адо этиш учун яратилган шароитлар билан қизиқди. Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар Макка ва Мадинада зиёратчилар учун барча зарур ташкилий ишлар йўлга қўйилганини билдирди.

 

Суҳбатда мамлакатдаги диний-маърифий ислоҳотлар, жумладан Имом Бухорий мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази ва Бурҳониддин Марғиноний мажмуаси каби объектлар фаолияти ҳам тилга олинди.

 

Шунингдек, Қурбон ҳайитини нишонлаш муносабати билан эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, 10 мингдан ортиқ болада мураккаб операциялар ўтказиш ҳамда 2 мингга яқин оғир касалликка чалинган фуқароларни даволаш учун қўшимча маблағ ажратилиши маълум қилинди.

 

Масжид ва қабристонларни обод қилишга ҳам алоҳида ресурслар йўналтирилиши таъкидланди. Суҳбат якунида Президент барча ҳожиларга салом йўллаб, уларнинг Ҳаж амаллари қабул бўлишини ва юртга соғ-омон қайтишини тилади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//