Ўзбекистон бўйлаб «Мустақиллик тўйи» фестивали ўтказилади

Сақлаш
09:13 / 23.04.2026 8 0

Ўзбекистон бўйлаб «Ягона ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» шиори остида «Мустақиллик тўйи» фестивалига старт берилди.

 

22 апрель куни Тошкентдаги «Ренессанс» кино уйида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган «Мустақиллик тўйи» фестивалини юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган Республика ташкилий қўмитасининг тақдимот маросими ўтказилди.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти ҳамда қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вазирлик ва идоралар масъуллари, олимлар, зиёлилар, шоир ва ёзувчилар, санъат ва маданият намояндалари, ижодкорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

 

Давлат раҳбарининг 2026 йил 2 апрелдаги қарорига мувофиқ, жорий йилда мазкур санага тайёргарлик мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан жорий йилнинг май-центабр ойлари давомида Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Мустақиллик тўйи» фестивали ўтказилиши белгиланган.

 

Йиғилишни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов очиб берди. У ўз сўзида «Мустақиллик тўйи» фестивалининг ғоявий мазмун-моҳияти, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб, ушбу йирик маърифий лойиҳани ҳудудларда юксак савияда ташкил этиш барча учун устувор вазифа, юксак ифтихор эканини таъкидлади.

 

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистон Халқ шоири Усмон Азим, киноарбоблар уюшмаси раиси Матёқуб Матжонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, таниқли шоира Сайёра Тўйчиева сўзга чиқди.

 

Фестиваль доирасида республика бўйлаб қатор ижтимоий-маданий ва маърифий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, «Мустақиллик маршлари», «Бир миллат – бир юрак» флешмоби, «Ватандошлар билан мулоқот», «Давлат рамзлари – фахримиз» акцияси каби тадбирлар ўтказилади. Шунингдек, «Маҳаллада байрам», «Шукроналик учрашувлари», «Яхшилик карвони», «Халқ сайиллари ва Янги нафас» дастурлари, «Сўз» адабий лойиҳаси ва «Китоб карвони» ташаббуслари ҳам кенг қамровда ташкил этилади. Ёшларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш мақсадида «Мустақиллик соатлари» ҳамда «Қалқон» ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги янгиликлар

Барчаси

//